СОЛИҚЧИЛАР ҲАР СОҲАНИНГ МАРДИКОРИМИ?
Фармонлардан кейин солиқ тизими ходимлари иш ҳажми ошгани, иш вақти 12–14 соатгача чўзилаётгани, аммо маошлари қисқартирилаётгани айтилмоқда. Бу тажрибали кадрлар кетиши ва хизмат самарадорлиги пасайишига олиб келаётгани таъкидланмоқда.
Солиқчилар ҳар соҳанинг югурдагига айланиб қолди. Солиқ тушумларини таъминлаш, KPI кўрсаткичларини бажаришдан ташқари тадбиркорлар билан ишлаш ва ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш каби вазифалар сабаб ходимлар дам олиш кунларисиз, кунига 12–14 соатгача ишламоқда.
2026 йил 19 майдаги ПФ–95-сонли фармондан кейин иш ҳажми сезиларли ошди, бироқ 2 сентябрдаги ПФ–181-сонли фармондан сўнг сентябрь ойидан иш ҳақи тахминан 20 фоизга камайди ҳам. 2027 йил 1 январдан, айниқса туман даражасидаги ходимлар маоши янада камайишидан соҳа вакиллари хавотирда.
Солиқчиларнинг таъкидлашича, иш ҳақининг етарли эмаслиги туфайли ходимларнинг катта қисми кредит мажбуриятларига эга. Шу билан бирга, тизимдан тажрибали мутахассисларнинг кетиши иш самарадорлигига салбий таъсир қиляпти.
«Биз ишимизнинг қийинлигидан нолимаймиз. Фақат иқтисодий муаммоларимиз ортиб боряпти. Бизга ёрдам қилинг», — дейилади бир гуруҳ солиқ хизмати ходимлари мурожаатида.
Маошни камайтириш ортиқча иш кучини солиқ соҳасидан сиқиб чиқариш йўлими бу? Ёхуд бирор катта камомад, норасмий харажатни шу ойликларни қисқартириш эввазига қоплаш кўзда тутилганми?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг