Навоий вилоятида фаолият юритувчи “Solar Energy Navoiy” МЧЖда меҳнат муносабатлари, молиявий ҳисоб-китоблар ва давлат субсидияларидан фойдаланишда жиддий муаммолар кўпаймоқда.

Корхона ходимлари тақдим этган маълумотларга кўра, бош ҳисобчи томонидан ишчиларнинг иш ҳақи ҳисоб-китобларида қонунбузилишларга йўл қўйилган, шунингдек, ҳисобчи ўз манфаати учун юқори миқдорда маош расмийлаштириб келмоқда.

«Корхонада айрим ишчилар расмий меҳнат шартномаларисиз, кунлик ҳақ эвазига ишлатилади. Савдо бўлими раҳбари турли коррупциявий схемаларни йўлга қўйган» дейилади мурожаатда.

Корхонада ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш кўрсаткичлари сунъий равишда оширилади, шу асосда давлат субсидияларини олиш учун сохта ҳужжатлар расмийлаштирилади. Бу маблағлар мақсадли сарфланмаган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, ходимлар ишлаган кунлар ҳисоботи сунъий равишда камайтирилиб, ойлик маошлар тўлиқ тўланмаётганидан норозилик ортмоқда. Айрим ҳолатларда бир хил вазифани бажараётган ходимларга таниш-билишчилик ва қариндошлик муносабатлари асосида турлича ҳақ тўланади.

Мазкур иддаоларнинг ҳаққонийлигига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ваколатли органлар томонидан корхона фаолиятида суриштирув, аудит ва молиявий текширув ўтказилиши шарт.