СОЛИҚДАН ҚОЧИШГА ЁРДАМ БЕРГАНЛИКДА АЙБЛАНГАН ДЕПАРТАМЕНТ МАНСАБДОРИ СУДГА БЕРИЛДИ
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Алишер Ғаниев ҳамда Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси собиқ раҳбари Юнусжон Насимжоновга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа жиноятлар бўйича иш судга оширилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Алишер Ғаниевга нисбатан жиноят иши судга оширилди. Суд ҳужжатларига таянган хабарларга кўра, ишни кўриш 21 сентябрь кунига жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида белгиланган.
Ғаниев Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди – ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, шунингдек, 223-моддаси 2-қисмининг «в» ва «г» бандлари – қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш билан боғлиқ қilmишларда айбланмоқда.
Унинг номи аввалроқ тадбиркорларга солиқ тўлашдан қочишда ёрдам берганлик ҳақидаги иддаолар билан тилга олинган эди. 2026 йил 27 январда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Ғаниев «тадбиркорларга солиқдан қочишда йўл кўрсатиб юргани» танқид қилиниб, уни ўша куннинг ўзида лавозимидан озод этиш топширилган.
Шайхонтоҳур туман судида Тошкент шаҳар солиқ бошқармасининг собиқ бошлиғи Юнусжон Насимжоновга нисбатан иш ҳам кўриб чиқилиши белгиланган. У Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди – ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда 205-моддаси 2-қисми «а» банди – мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланмоқда.
Насимжонов 2021–2026 йилларда пойтахт солиқ бошқармасига раҳбарлик қилган. 27 январдаги йиғилишда уни ҳам ишдан олиш ва фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш топширилган эди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг