ПУТИН НАТОГА ҲАМЛА ҚИЛМАЙДИ, АММО АЛЬЯНСНИ ПРОВОКАЦИЯЛАР БИЛАН СИНАЙДИ
Собиқ MI6 раҳбари Ричард Дирлавнинг таъкидлашича, Путин НАТОга очиқ ҳарбий ҳужум бошлаши эҳтимоли паст, аммо Россия иттифоқчиликни синаш учун “кулранг зона” тактикалари, киберҳужум ва провокацияларни кучайтириши мумкин.
Британия ташқи разведка хизмати – MI6нинг собиқ раҳбари сэр Ричард Дирлав Россия НАТОга қарши анъанавий ҳарбий ҳужум бошлаши эҳтимолини паст деб баҳолади. Унинг фикрича, Москва бундан кўра альянснинг бирлиги ва жавоб бериш қобилиятини синаш учун тобора жиддийроқ “кулранг зона” операцияларидан фойдаланиши мумкин.
Дирлав бу ҳақда One Decision подкастида АҚШ разведкасининг Россия НАТО ҳудудида чекланган провокация ёки ҳужум уюштириши мумкинлиги ҳақидаги янги баҳоларини муҳокама қилар экан гапирди.
У АҚШ разведкасининг НАТОнинг шарқий қанотига Россия қўшин киритиши эҳтимоли борлиги ҳақидаги талқинига қўшилмаслигини айтди.
Дирлавнинг фикрича, Москва НАТО шартномасининг 5-моддасини ишга туширадиган даражадаги очиқ ҳарбий ҳужумдан қочишга ҳаракат қилади. Бу модда альянс аъзоларидан бирига қуролли ҳужумни барча аъзоларга қилинган ҳужум сифатида кўриш тамойилига асосланади.
Бироқ собиқ разведка раҳбари Россия билан боғлиқ баҳсли ва аниқ жавоб бериш қийин бўлган ҳодисалар кўпайишини кутмоқда. У мисол сифатида НАТО давлатлари ҳаво ҳудудига дронларнинг кириши ва Польшага ракеталар тушиши каби ҳолатларни тилга олди. Дирлав бундай воқеалар келгусида янада жиддий тус олиши мумкинлигини таъкидлади.
Унингча, Путиннинг асосий мақсади муайян давлатнинг эмас, бутун НАТОнинг қандай реакция қилишини текшириш бўлади. Украинадаги уруш Россия учун оғирлашган сари бундай провокациялар хавфи ҳам ортиши мумкин, деб ҳисоблайди Дирлав.
“Кулранг зона” тактикаси очиқ уруш бошламасдан рақибга босим ўтказиш, уни заифлаштириш ёки беқарорлаштиришга қаратилган ҳаракатларни англатади. Бунга киберҳужумлар, дезинформация, саботаж, инкор қилиш мумкин бўлган махфий операциялар ва ҳарбий провокациялар кириши мумкин. АҚШ разведкасининг ҳозирги баҳоларида ҳам Россия томонидан кибер ва гибрид операциялар очиқ ҳарбий босқинга қараганда реалроқ сценарий сифатида кўрилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг