Ярим йилга яқин вақтдан бери қамоқда сақланаётган таниқли блогер, “Sirojiddin Media” асосчиси Сирожиддин Адилов ишида кутилмаган янги бурилиш юз берди. Прокурор унга 6 йиллик қамоқ жазоси сўраб, ҳимоячилар музокарада ўз позицияларини билдириб, иш ҳукм чиқариш босқичига яқинлашган бир пайтда суд тергови қайта тикланган эди. Энди эса ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташановнинг маълум қилишича, ишни кўриб келган судья Санжар Расулов бошқа лавозимга тайинланган. Бу эса Адилов иши бошқа судья томонидан қайтадан кўриб чиқилиши эҳтимолини юзага келтирмоқда.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Сирожиддин Адилов билан тергов изоляторида учрашганини айтиб, блогернинг соғлиғи ва руҳий ҳолатидан хавотир билдирди.

Ташановнинг ёзишича, Адилов “умидсиз алфозда” бўлган. Ҳуқуқ ҳимоячиси уни руҳлантиришга ҳаракат қилиб, ҳимоя томони айрим айбловларнинг асоссизлигини кўрсатиб берганини айтган.

Аммо иш ҳукм чиқариш томон бораётган бир пайтда кутилмаган воқеа юз берган.

17 август куни Жиззах шаҳар жиноят ишлари бўйича суди раиси Санжар Расулов ишда ҳали текширилиши лозим бўлган ҳолатлар борлигини билдириб, суд терговини қайта тиклаш ҳақида ажрим чиқарган. Бу пайтга келиб тарафлар музокара босқичига ўтиб бўлган, прокурор эса Адиловни айбдор деб топиб, унга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўраган эди.

Энди эса Ташанов яна бир кутилмаган хабарни маълум қилди.

Унинг ёзишича, Санжар Расулов Навоий вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси этиб тайинланган.

Агар ушбу тайинлов муносабати билан Расулов Жиззах шаҳар судидаги лавозимини тарк этса, Адиловнинг ишини бошқа судья қабул қилиши ва ишни қонун талаблари асосида қайта ўрганишига тўғри келади.

Ташанов айнан шу ҳолатдан қаттиқ норози.

Унинг фикрича, судья янги лавозимга тайинланиш жараёни кетаётганини билган бўлиши мумкин ва шундай экан, нега иш ҳукмга яқинлаштирилиб, кейин суд тергови қайта тиклангани очиқ савол бўлиб қолмоқда.

“Инсон тақдири ўйинчоқ эмас”, дея ёзди ҳуқуқ ҳимоячиси.

МАРТДА ҚАМОҚҚА ОЛИНГАН, АЙБЛОВЛАР ЭСА ЎЗГАРИБ БОРГАН

Сирожиддин Адилов 2026 йил март ойида ҳибсга олинган эди.

Самарқанд вилояти ИИБнинг дастлабки расмий ахборотига кўра, Пастдарғом туманида яшовчи фуқаро 2024 йил август ойида Адиловдан бошқа шахс билан ўртасидаги молиявий масалани ҳал қилишда ёрдам сўраган. Тергов версиясига кўра, блогер ваколатли шахс бўлмаган ҳолда пул олган ва ваъда қилинган ишни бажармаган.

Шундан кейин унга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси – фирибгарлик ва 211-моддаси – пора бериш билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилган ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Бироқ иш давомида айбловлар таркиби ҳам ўзгарди.

Абдураҳмон Ташанов июль ойида 211-модда бўйича айблов тергов жараёнида ўз тасдиғини топмагани ва айбловдан чиқарилганини билдирган эди.

Иш судга келганида эса Адиловга ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми “а” банди – такроран содир этилган товламачилик ҳамда 168-моддаси 3-қисми “б” ва “в” бандлари – фирибгарлик бўйича айбловлар қўйилгани маълум бўлди. Адилов ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, уларни “туҳмат” деб атаган.

ЭЛТУЗАР ИШ БОШИДАНОҚ САВОЛЛАР БОРЛИГИНИ ЁЗГАН ЭДИ

Элтузар Сирожиддин Адилов қамоққа олинганидан бери бу ишни кузатиб келмоқда.

11 март куни эълон қилинган материалимизда Адиловни қамоққа олиш масаласи кўрилаётганда Тошкентдан етиб борган икки адвокат ордери бўлишига қарамай суд жараёнига киритилмагани, улар ўрнига давлат томонидан тайинланган адвокат иштирок этгани ҳақида ёзилган эди. Бу ҳолат Адиловнинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланганми, деган саволни юзага келтирган.

Бир кун ўтиб, Элтузар “Блогер қамоққа олинди. Аммо нега айнан ҳозир?” сарлавҳали таҳлилда Адиловнинг танқидий фаолияти фонида жиноят ишининг қўзғатилиши ва воқеа содир бўлгани айтилган вақт билан унинг қамоққа олиниши ўртасидаги муддатга эътибор қаратган эди. Ўшандаёқ иш очиқ ва холис суд жараёнида текширилиши лозимлиги таъкидланган.

13 март куни эса Элтузар таҳририятига Адиловни ҳимоя қилиб ёзилган мактуб келган. Унда муаллиф блогер унинг оиласига ойлар давомида ёрдам бергани ва бунинг учун пул сўрамаганини билдирган. Албатта, бир инсоннинг ижобий тавсифи жиноят ишида айбсизликни автоматик равишда исботламайди. Худди шунингдек, тергов органининг айблови ҳам суднинг қонуний кучга кирган ҳукмисиз шахсни жиноятчига айлантирмайди.

ҚАМОҚДА СОҒЛИҒИ ЁМОНЛАШГАНИ АЙТИЛМОҚДА

Адилов ишида яна бир оғриқли масала – унинг соғлиғи.

20 июлда суд бошланганида Ташанов қамоқ даврида блогер жиддий вазн йўқотгани, тишлари тўкилгани ва соғлиғида бошқа муаммолар пайдо бўлганини айтиб, қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраган.

Адиловнинг қарамоғида тўрт нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ҳам судга маълум қилинган.

Бироқ суд бу илтимосномани рад этиб, қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгаришсиз қолдирган.

Энди Ташанов тергов изоляторида Адилов билан яна учрашганидан кейин унинг руҳий жиҳатдан ҳам тушкун ҳолатда эканини айтмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиси бир саволни ўртага ташлаяпти: ярим йилдан ошиқ қамоқда қолган, айби ҳали суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан исботланмаган шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини енгилроқ чорага – масалан, уй қамоғига алмаштириш мумкин эмасми?

Бу савол энди янада долзарб.

Чунки иш ҳукмга яқинлашган пайтда суд тергови қайта очилди. Энди эса уни кўриб келган судьянинг бошқа лавозимга ўтгани айтилмоқда.

Прокурор 6 йил сўради. Ҳимоя томони баҳслашди. Сирожиддин Адилов сўнгги сўз ва ҳукмни кутди. Аммо ҳукм ўрнига иш яна ортга қайтди.

Хўш, Сирожиддин Адилов ишида ҳақиқат қачон қарор топади ва қайси судья бу ишга нуқта қўяди?