Ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташанов блогер Сирожиддин Адилов иши бўйича Самарқанд вилоятидаги тергов ҳаракатлари ва унинг қамоқда сақланаётгани юзасидан жиддий иддаоларни илгари сурди.

Ташановнинг ёзишича, 9 июнь куни у икки нафар адвокат билан Самарқанд вилоятига йўл олган. Мақсад – жамият аъзоси, блогер Сирожиддин Адиловнинг эҳтиёт чораси ўзгариши ортидан уни Тошкентга олиб қайтиш бўлган.

Унинг таъкидлашича, Адилов ишини тергов қилаётган Самарқанд вилояти ИИБ терговчиси Олим Аҳмадов адвокатларга блогернинг эҳтиёт чораси ўзгариши, ишда келтирилган деб ҳисобланган зарар тўлиқ қоплангани ва соғлиғи билан боғлиқ муаммолар инобатга олиниб, у озодликка чиқарилишини айтган.

Ҳуқуқбонга кўра, улар йўлда бўлган пайтда ҳам терговчи адвокатларга СМС ёзиб, тезроқ келишларини сўраган. Бироқ улар Самарқандга етиб боргач, тергов органи Адиловни озод қилиш учун ҳужжатлар тайёр эканини, аммо Самарқанд вилояти прокуратураси 16-бўлим бошлиғи Хондамир Мардиев бунга рухсат бермаётганини билдирган.

Абдураҳмон Ташанов Самарқанд вилояти прокуратурасига бориб, Мардиев билан учрашганини, шундан кейин эса терговчи Олим Аҳмадов уларни алдагани маълум бўлганини ёзади. Шу билан бирга, у прокуратура томонидан ҳам “ўйин” бўлган-бўлмаганини билмаслигини қайд этган.

Ташановнинг айтишича, Адиловнинг озод этилишига умид адвокатлар ва блогернинг қариндошлари Ички ишлар вазири қабулида бўлганидан кейин пайдо бўлган. Унинг ёзишича, вазир қабулидан сўнг тергов органининг муносабати ўзгариб, Адилов билан учрашиш ва унга қонунда белгиланган тартибда озиқ-овқат бериш имконияти яратилган.

Бироқ кейин вазият ўзгарган. Ҳуқуқбоннинг маълум қилишича, ҳозирда тергов якунланган, Сирожиддин Адилов Каттақўрғондаги изоляторга жойлаштирилган ва яқин кунларда суд бўлиши кутилмоқда.

Абдураҳмон Ташанов Сирожиддин Адиловнинг қамоққа олинишини процессуал тартибга зид деб ҳисобламоқда. Унинг ёзишича, Пастдарғом суди дастлаб блогерни Жиноят кодексининг 211-моддаси — пора бериш айблови билан қамоққа олган, аммо бу модда тергов давомида тасдиқланмаган ва ишдан олиб ташланган.

Ҳуқуқбоннинг иддаосига кўра, шундан сўнг тергов органи Адиловни қамоқда сақлаб қолиш учун унга Жиноят кодексининг 165-моддаси — товламачилик айбловини қўшган. Ташанов ушбу айблов иш ҳолатларига мос келмаслигини ва Адиловнинг қамоқда қолишига сунъий асос бўлаётганини таъкидлайди.

Унинг маълум қилишича, 11 июнь куни Сирожиддин Адилов қамоққа олинганига 90 кун тўлган. Ташанов блогер ҳозирда ноқонуний равишда қамоқда сақланаётганини даъво қилмоқда.

Ҳуқуқбон ўз баёнотида бу ҳолатни мамлакатда сўз эркинлиги ва фуқаролик жамияти фаолларига нисбатан муносабат билан боғлаб, бундай жараёнлар ўтмишдаги сиёсий таъқиблар даврини эслатаётганини айтган. Унинг фикрича, айрим амалдорларнинг хатти-ҳаракатлари президент сиёсатига саботаж сифатида баҳоланиши мумкин.

Абдураҳмон Ташанов пост якунида Сирожиддин Адиловнинг соғлиғи оғирлашганини ҳам билдирган. Унинг иддаосига кўра, блогер 40 килогача озиб кетган, тишлари тўкилган ва ҳозирда суткасига фақат битта тухум юта олади.

Самарқанд вилояти ИИБ, прокуратура ёки тергов органлари Абдураҳмон Ташановнинг ушбу иддаоларига ҳозирча очиқ муносабат билдиргани маълум эмас.