“ЕВРОПАГА ИШГА ЮБОРАМИЗ” ДЕГАН ВАЪДА ОРТИДАН МИЛЛИОНЛАР КЕТДИ
Сирдарёлик 6 нафар фуқаро Европа давлатларига ишга юбориш ваъдаларидан кейин улуғ миқдордаги пулларини йўқотгани, тергов иши esa йиллар давомида чўзилаётгани ва илк ариза материаллари “йўқолиб қолгани”ни иддао қилмоқда.
Сирдарё вилоятида яшовчи 6 нафар фуқаро Европа давлатларига ишга юбориш ваъдаси билан катта миқдорда пул олингани, аммо ҳануз на иш, на пул қайтарилганини айтиб, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Президент Халқ қабулхонаси ва оммавий ахборот воситаларига жамоавий мурожаат йўллади.
Мурожаатда қайд этилишича, 2024 йил март ойларида М.З. ва унинг шериги сифатида тилга олинган Ў. исмли шахслар ўзларини “республика ташкилотларида танишлари бор” воситачилар сифатида кўрсатиб, фуқароларни Европа давлатларига ишга жўнатиш, виза ва ҳужжат масалаларини ҳал қилиб беришни ваъда қилган.
Жабрланувчиларнинг иддаосига кўра, ушбу ваъдалар ортидан бир неча фуқародан миллионлаб сўм ва минглаб АҚШ доллари миқдорида маблағ олинган. Хусусан, Отабек Абдурахимовдан 26 миллион сўм, Абдурахимжон Қозоқовдан 26 миллион сўм, Ихтиёржон Маъмуржоновдан 26 миллион сўм, Низом Жўраевдан 3 100 АҚШ доллари, Акмал Ҳайдаровдан 2 000 АҚШ доллари ва Шербек Қурбоновдан 2 000 АҚШ доллари олингани айтилмоқда.
Фуқароларнинг таъкидлашича, орадан қарийб икки йил ўтган бўлса-да, уларнинг ҳеч бири хорижга ишга юборилмаган, олинган маблағлар ҳам қайтарилмаган. Мурожаат муаллифлари гумон қилинаётган шахслар турли баҳоналар билан вақтни чўзаётгани, чақирувлардан қочаётгани ва жабрланувчилар билан масалани ҳал қилмаётганини билдирган.
Энг жиддий эътирозлардан бири тергов жараёни билан боғлиқ. Мурожаатда айтилишича, жабрланувчилар 2025 йил февраль ойида Гулистон шаҳар ИИБ ФМБга далиллар билан расмий ариза топширган. Аммо уларга кўра, ушбу ариза ва унга илова қилинган материаллар кейинчалик “йўқолган”.
Фуқаролар 2026 йилда қайта мурожаат қилганидан сўнг, 6 март куни М.З.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилганини билдирмоқда. Бироқ улар ишда тилга олинган иккинчи шахсга нисбатан ҳам ҳуқуқий баҳо берилишини талаб қилмоқда.
Мурожаатда жиноят иши бир ҳудуддан бошқасига юборилаётгани, тергов сунъий чўзилаётгани, жабрланувчилар эса сарсон бўлаётгани таъкидланган. Фуқаролар мазкур ҳолат нафақат уларнинг шахсий муаммоси, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бўлган ишонч масаласи эканини қайд этган.
Жабрланувчилар масъул идоралардан М.З. ва Ў. исмли шахсларнинг ҳаракатларига тўлиқ ҳуқуқий баҳо бериш, барча эпизодлар бўйича ягона иш юритиш, маблағларни қайтариш чораларини кўриш, 2025 йилдаги ариза ва далилларнинг “йўқолиши” бўйича хизмат текшируви ўтказиш ҳамда терговни республика даражасида назоратга олишни сўрамоқда.
Ҳозирча ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг расмий муносабати маълум эмас. Масъул идоралар томонидан изоҳ берилса, мавзуга қайтилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг