СИРДАРЁДА ТЕЛЕВИЗОРГА ЧИҚИШ НАРХИ ҚАНЧА?
Сирдарё вилояти телерадиокомпанияси давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг тадбирларини эфирга чиқариш учун ҳам тўлов талаб қилаётгани айтилмоқда. Давлат телеканали ижтимоий аҳамиятли хабар учун ҳақ олиши қонунийми, деган саволлар очиқ турибди.
«Сирдарё вилоятида кейинги вақтларда кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлмоқда. Вилоят ҳокими ташаббуси билан янги объектлар қуриляпти, аҳоли учун қулайликлар яратиляпти. Аммо бу ишлар ҳақида телевидениеда чиқиш учун нега давлат ташкилотлари ҳам пул тўлаши керак?»
Айнан шу савол билан Сирдарё вилоятидан Элтузарга мурожаат келиб тушди. Манбанинг айтишича, Сирдарё вилояти телерадиокомпаниясида давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари фаолиятини ёритиш учун ҳам тўлов талаб қилинмоқда.
«Вилоятда бешта сиёсий партия ишлайди. Кейинги тўрт-беш ой ичида партиялар ўтказган тарғибот тадбирларини ёритиш учун камера ҳам, мухбир ҳам ажратилмади. Реклама ва маркетинг бўлимига тўлов қилинг, шундан кейин суратга оламиз, деган жавобни эшитдик», — дейди мурожаат муаллифи.
Унинг сўзларига кўра, журналистлар билан алоҳида гаплашилганда ҳам вазият ўзгармаган.
«Журналистларнинг ўзи ҳам “раҳбарият талаби шу, пул тўланмаса суратга чиқолмаймиз”, деб очиқ айтяпти», — дейилади мурожаатда.
Манба таълим муассасалари ва бошқа давлат ташкилотлари ҳам худди шундай ҳолатга дуч келаётганини иддао қилмоқда.
«Янги мактаб очилди, поликлиника иш бошлади ёки муҳим тадбир ўтди — барини эфирга чиқариш учун аввал пул тўлаш керак экан. Давлат телеканали нима учун давлат ташкилотларидан ҳам ҳақ сўрайди?» — дея савол қўяди у.
Вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда масъул ташкилотлардан ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериши зарур. Сирдарё телерадиокомпанияси давлат телеканалими ёки хусусий корхона? Агар давлатники бўлса, ижтимоий аҳамиятга эга тадбирларни ёритиш учун давлат ташкилотларидан пул талаб қилиш қайси меъёрга асосланади?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг