Сирдарё туманида диний маълумотга ва тегишли рухсатга эга бўлмаган аёл икки нафар вояга етмаган болага диний таълим бераётгани устида ушланди.

Суд материалларига кўра, аёл 2025 йил июль ойидан сентябрь ойига қадар ўз уйида ҳар ой 250 минг сўм эвазига 2017 йилда туғилган икки нафар қизга “Муаллими соний” ва “Қуръони Карим” китоблари асосида диний сабоқ бериб келган. Тергов давомида аёлнинг iPhone 14 Pro Max телефони кўздан кечирилганда, Telegram орқали болаларнинг ота-оналари билан ёзишмалар олиб борилгани аниқланди.

Суд уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229²-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.