СИРДАРЁДА АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШДА ИШТИРОК ЭТГАНЛАР 100 МИНГ СЎМ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ
Сирдарёда аҳолини рўйхатга олишга бир неча ой жалб этилган маҳалла ходимларига 100–200 минг сўм атрофида пул тўланди. Кам ҳақ ва расмийларнинг буни “муваффақият” сифатида кўрсатиши маҳаллада норозиликни кучайтирди.
Сирдарё вилоятида маҳалла тизимида ишлайдиган юзлаб ходимлар бир неча ойлик меҳнати 100–200 минг сўмга баҳоланганидан норози.
2025 йил декабридан бошлаб январь-февраль ойлари давомида маҳалла раислари ва “маҳалла еттилиги” аъзолари аҳолини хатлов қилиш ишларига жалб этилди. Куну-тун давом этган йиғилишлар, доимий назорат, босим остида ҳатлов лойиҳаси ҳам амалга оширилди. бу иш амалга оширилди.
Иш тугади. Тўлов эса тўрт чақа бўлди. Кеча айрим маҳалла ходимлари пластик карталарига тушган маблағни кўриб, ҳайратда қолишганини таъкидлашмоқда: 100 минг, 150 минг, энг кўпи билан 200 минг сўм. Бори шу.
Бу ҳолат фонида Сирдарё вилояти маҳалла уюшмаси раиси Уйғун Найимжонов томонидан бу тўловлар «муваффақият» сифатида тақдим этилаётгани эса норозиликни янада кучайтирмоқда.
Маҳалла раислари таъкидлашича, уларнинг ойлик маоши шундоғам баланд эмас, 3,5–4,5 миллион сўм атрофида. Шу маош билан оила боқиб келаётган ходимлар қўшимча юклама сифатида берилган хатлов ишларидан қўлга илашадиган даромад кутишган эди. Аммо 100-200 минг сўм атрофидаги тўловлар бу умидларни пучга чиқарди.
Раислар таъкидлашича, улардан “армияга ёрдам” ёки бошқа баҳоналар билан пул йиғиш анъанага айланган. Пул бермаганлар ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинади.
Маҳалла раислари ким ўзи? Давлат тизимидаги энг қуйи бўғинми ёки барча муаммолар юкланадиган югурдакми?
Бир томонда Президент бир неча бор “ҳар бир топшириқ молиявий таъминланади” деб таъкидлаган. Аммо Сирдарёдаги ҳолат Президент ваъдаларига тескари бўлди. Ярим ҳашар, ярим мажбурий меҳнат, қолгани эса уч чақа тўлов эвазига бажарилган ҳатлов лойиҳасига бюджетдан қанча маблағ ажратилган эди?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг