СИРДАРЁДА “ТОЗА ҲУДУД”НИ ҲАММА ЕБ КЕТАВЕРАДИМИ?
Сирдарё вилояти “Тоза ҳудуд” корхонаси ходимлари раҳбарликка Алишер Жумаевнинг қайтарилиши, собиқ кадрларни қайта жойлаштириш ва ишдан бўшатиш аризалари орқали босим ҳақида шикоят қилмоқда. Улар корхона яна молиявий тангликка юз тутиши ва қонунийлик бузилишидан хавотирда.
Сирдарё вилояти «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонасининг бир гуруҳ ходимлари Алишер Жумаевнинг раҳбарликка қайтарилиши, ходимларга ариза ёздириш ва корхонада аввал ишлаган кадрларни қайта жойлаштириш ҳолатларидан шикоят қилмоқда. Элтузарга йўлланган мурожаатда улар корхона яна молиявий қийинчиликларга ботишидан хавотир билдирган.
Мурожаат муаллифларининг даъвосича, Жумаевнинг тайинланишига вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фахриддин Қўшақов кўмаклашган. Улар Жумаевни Қўшақовнинг тоғаси деб кўрсатмоқда.
Ходимлар Жумаев корхонага аввал ҳам раҳбарлик қилганини, ўша даврда катта миқдорда кредитлар олиниб, маблағлар талон-торож қилинганини иддао қилмоқда. Мурожаатда тергов унинг судья ўғли ва прокуратурада ишловчи укасининг аралашуви билан ёпилгани ҳам даъво қилинган.
Муаллифларнинг ёзишича, аввалги раҳбарлик даврида иш ҳақи ойлаб тўланмаган, ходимлар маошини ундириш учун Тошкентгача боришга мажбур бўлган.
Энди эса, уларнинг таъкидлашича, қисқартирилган штатлар тикланмоқда, зарурати тушунтирилмаган қўшимча лавозимлар очилмоқда. Айрим тажрибали ва ҳалол ходимларга ишдан кетиш ҳақида ариза ёздирилиб, уларнинг ўрнига раҳбарнинг эски танишлари вилоят ва туманлардаги бўлинмаларга жойлаштирилаётгани айтилган.
Мурожаатда эҳтиёт қисмлар етказиб берувчи айрим шахслар билан келишувлар юзасидан ҳам шубҳалар билдирилган. Аммо харид шартномалари, эҳтиёт қисмлар сифати ёки эҳтимолий манфаатдорликни тасдиқловчи далиллар келтирилмаган.
«Нега бу ташкилотни ҳамма еб кетаверадими, ҳамма томошабин бўлиб ўтиришадими? Биз оддий ходимлар ёки халқнинг нима айби бор?» – дейилади мурожаатда.
Муаллифлар республика агентлиги раҳбари ўринбосари сифатида тилга олган Шуҳрат Ҳайдаровнинг вилоятда ўтказган йиғилишидан ҳам норози. Уларнинг фикрича, йиғилишда корхона муаммоларига аниқ ечим берилмаган.
Ходимлар мурожаатдан мақсад ташкилотда адолат, қонунийлик ва барча ходимларга тенг муносабат таъминланишига эришиш эканини таъкидлаган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг