Хоразм вилояти Шовот туманида фаолият юритаётган айрим масъул ходимлардан Элтузар таҳририятига мурожаат келиб тушди. Унда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Саидов Санъатнинг иш услуби танқид қилинган.

Мурожаатда айтилишича, ҳар куни кечқурун соат 19:00 да ҳоким ёрдамчилари мажлисга чақирилади. Бироқ мажлис ўз вақтида бошланмай, ходимлар 40–50 дақиқа кутиб туришга мажбур бўлишмоқда. Йиғилиш эса одатда соат 20:00 га яқин бошланиб, 21:00 гача давом этади.

Ходимларнинг таъкидлашича, кун давомида 9–10 та топшириқни бажариб бўлганига қарамасдан, кечқурунги узоқ ва самарасиз мажлислар уларни чарчатмоқда. Айниқса, йиғилишларда асосан танбеҳ, ҳақорат, таҳдид ва босим устун бўлаётгани иш муҳитига салбий таъсир кўрсатаётгани айтилган.

Мурожаат муаллифлари шунингдек, Саидов Санъат ўзини юқори таъсирга эга шахс сифатида кўрсатиб, “орқасида кучли одам борлиги”ни иддао қилаётганини ҳам билдиришган.

Эътиборлиси, мамлакат раҳбарияти томонидан бир неча бор ортиқча мажлислар ўтказиш амалиёти танқид қилиниб, раҳбарларга аҳоли орасига тушиб, муаммоларни жойида ҳал қилиш зарурлиги таъкидланган эди. Шу нуқтаи назардан, Шовот туманидаги ҳолат мазкур талабларга қай даражада мос келиши масаласи очиқ қолмоқда.

Ҳолат юзасидан мутасадди ташкилотлар муносабатини кутамиз.