ШОВОТДАГИ “ЯНГИ” КАНАЛИЗАЦИЯ БИР ЙИЛГА ҲАМ ЧИДАМАДИ
Шовот тумани марказида бюджет ҳисобига қурилган янги канализация тармоғи бир йилга ҳам етмасдан ёрилиб, оқова сув кўчага тошди. Бадбўй ҳид ва емирилаётган йўл аҳоли саломатлиги ҳамда ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солмоқда.
Хоразм вилояти Шовот тумани марказида давлат маблағлари ҳисобидан қурилган канализация тармоғи фойдаланишга топширилганига ҳали бир йил тўлмасдан ёрилиб кетди. Оқова сув кўчага тошиб, бадбўй ҳид тарқалмоқда, йўл қопламаси эса емирилиб бораётир.
Элтузарга келиб тушган мурожаат ва видеога кўра, муаммо туман марказидаги Комилжон Отаниёзов кўчасида кузатилмоқда. Қувур ёрилган жойдан оқова сув ер юзасига чиқиб, атрофга ўткир қўланса ҳид тарқатмоқда.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу ҳолат нафақат шу кўчада яшовчилар, балки мазкур йўлдан ҳар куни ўтадиган юзлаб фуқаролар учун ҳам жиддий ноқулайлик туғдирмоқда. Айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида оқова сув ва бадбўй ҳид санитария-эпидемиологик вазиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Муаммонинг яна бир хавфли томони – қувур ёрилган ҳудудда йўл қопламаси ҳам чўкиб, чуқурлик ҳосил бўлган. Мурожаат муаллифларига кўра, айрим автомобиллар ушбу чуқурга тушиб кетмоқда. Бу эса транспорт воситаларига зарар етказиш билан бирга, йўл-транспорт ҳодисаси юз бериш хавфини ҳам оширади.
Аҳолини энг кўп норози қилаётган нарса – мазкур канализация тармоғининг янги қурилгани. Давлат маблағи сарфланган объект бир йилга ҳам етмасдан носоз ҳолга келган бўлса, қурилиш ишлари қай даражада сифатли бажарилган?
Лойиҳа ва қурилиш меъёрларига тўлиқ амал қилинганми? Ишлатилган қувурлар ва бошқа материаллар белгиланган талабларга жавоб берганми? Объектни қабул қилган комиссия қандай хулоса асосида уни фойдаланишга топширган?
Бу ҳолат пудратчи ташкилотнинг иш сифатигагина эмас, балки қурилишни назорат қилган ва объектни қабул қилган мутасаддилар фаолиятига ҳам жиддий саволлар туғдиради.
Масъул ташкилотлар мазкур объектга қанча бюджет маблағи сарфлангани, қурилишни қайси пудратчи амалга оширгани ва иш сифати учун кимлар жавобгар бўлганини жамоатчиликка очиқлаши лозим.
Шунингдек, ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, қурилишда нуқсонларга йўл қўйилган-қўйилмагани, техник назорат талаблари бажарилган-бажарилмагани ҳамда объект қонуний ва асосли равишда қабул қилинган-қилинмаганига ҳуқуқий баҳо берилиши керак.
Оқова сувнинг кўчага чиқиши зудлик билан тўхтатилиб, йўлдаги хавфли чуқур бартараф қилиниши шарт. Чунки гап фақат бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳақида эмас, балки аҳоли саломатлиги ва ҳаракат хавфсизлиги ҳақида ҳам бормоқда.
Элтузар Шовот тумани ҳокимлиги, қурилиш ва коммунал хизматларга масъул ташкилотлар ҳамда объект буюртмачиси ва пудратчисидан ҳолат юзасидан расмий муносабат кутади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг