ШОВОТ МАРКАЗИЙ БОЗОРИДАГИ ТАРТИБСИЗЛИК ҚАЧОН БАРТАРАФ ЭТИЛАДИ?
Шовот тумани Марказий бозорида йўлаклар торайиб, ноқонуний ва шубҳали қурилмалар сони кўпайгани тадбиркорлар ва харидорлар норозилигига сабаб бўлмоқда. Муаллиф масъул идоралардан очиқ ва расмий жавоб талаб қилади.
Шовот туман Марказий бозори ҳудудидаги тартибсиз ва шубҳали қурилмалар сони ортиб бораётгани тадбиркорларнинг ҳам, ҳаридорларнинг ҳам жиддий норозилигига сабаб бўлмоқда.
Бозорда қонуний асосда фаолият юритаётган тадбиркорлар солиқ тўлайди, рухсатномалар расмийлаштиради ва белгиланган тартибларга амал қилади. Аммо бозор ҳудудида пайдо бўлган айрим қурилмаларга қараб, ҳақли савол туғилади: қонун ҳамма учун бир хил ишлаяптими?
Хусусан, бозорнинг айрим нуқталарида йўлаклар торайиб кетган, савдо ҳудудлари тартибсиз конструкциялар билан тўлиб-тошган. Бу эса тадбиркорлар орасида зиддият келтириб чиқариб, харидорлар учун ноқулайлик туғдирмоқда.
Айрим хавфли қурилмалар бир неча йилдан бери ўз жойида турибди. Бироқ уларнинг қонунийлиги албатта шубҳали. Нега масъул идоралар бу ҳолатга муносабат билдирмаяпти? Нега текширувлар натижалари жамоатчиликка эълон қилинмади?
Тор йўлаклар ва тартибсиз қурилмалар фавқулодда вазиятларда қутқарув хизматлари ҳаракатини чеклайди. Ёнғин ёки бошқа бахтсиз ҳодиса содир бўлган тақдирда махсус техникаларнинг ҳудудга кириб бориши имконсиз. Бу инсонлар ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ жиддий хавфдир.
Энг кичик қоидабузарлик учун ҳам тезкор чора кўриладиган тизим нега бозордаги ноқонуний қурилмаларга нисбатан сукут сақлаяпти? Бу бефарқликми ёки кимларнингдир манфаатларини ҳимоя қилиш?
Шовот туман ҳокимлиги, қурилиш ва архитектура соҳаси мутасаддилари, кадастр органлари ҳамда назорат қилувчи идоралар мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириши, бозор ҳудудидаги қурилмаларнинг қонунийлигини ўрганиши ва натижаларни жамоатчиликка очиқ эълон қилиши зарур.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг