ЎҚУВЧИНИ УРГАН ДИРЕКТОР НЕГА ҲАНУЗ ЛАВОЗИМДА?
Шовот туманида 4-сонли мактаб директори ўқувчини уришда айбланаётгани, суд томонидан жарима тўлашга маҳкум этилгани, шу билан бирга нега ҳануз лавозимида қолгани ва қайси идора қандай чора кўриши кераклиги юзасидан саволлар ўртага қўйилди.
Элтузар таҳририятига келиб тушган мурожаатда Хоразм вилояти Шовот туманидаги 4-сонли мактаб директори З. Човдиров билан боғлиқ ҳолат юзасидан текширув ўтказиш сўралган.
Мурожаат муаллифининг билдиришича, 2025-йил 24-ноябр куни мактаб директори 4-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси, вояга етмаган Матяқубов Абдуллажон Нодирбек ўғлига нисбатан жисмоний куч ишлатган.
Таъкидланишича, ушбу ҳолат бўйича Жиноят ишлари бўйича Шовот туман суди 2025-йил 24-декабр куни директорни маъмурий жавобгарликка тортиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима тайинлаган.
Мурожаатда бир қатор саволлар ўртага қўйилган. Жумладан, ўша пайтда фаолият юритган Шовот тумани прокурори томонидан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига тақдимнома киритилганми, суд томонидан тегишли идораларга алоҳида ажрим ёки тақдимнома юборилганми, деган масалаларга аниқлик сўралмоқда.
Шунингдек, мурожаат муаллифи вилоят таълим бошқармаси томонидан директорга нисбатан қандай интизомий ёки маъмурий чоралар кўрилгани, агар ҳолат тасдиқланган бўлса, нега у ҳануз лавозимида фаолият юритаётгани ҳақида ҳам изоҳ берилишини сўрамоқда.
Мурожаатда яна бир муҳим масала кўтарилган: вояга етмаган ўқувчига нисбатан жисмоний куч ишлатилган ҳолатларда қонунчиликка кўра бундай ҳаракат маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланадими ёки жиноят аломатлари мавжуд бўлганда жиноят иши қўзғатилиши керакми?
Мурожаат муаллифи ушбу саволлар юзасидан прокуратура органлари, таълим тизими масъуллари ҳамда бошқа ваколатли идоралар томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, жамоатчиликка батафсил ахборот берилишини сўрамоқда.
Айни пайтда мурожаатда келтирилган маълумотларнинг расмий тасдиғи ёки рад этилиши бўйича масъул ташкилотларнинг муносабати мавжуд эмас. Шу сабабли, масаланинг барча жиҳатларига ойдинлик киритиш учун тегишли идораларнинг изоҳи муҳим аҳамият касб этади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг