ШОВОТ ЗАМҲОКИМИ “КУНИГА 5 КАМБАҒАЛНИ РЕЕСТРДАН ТУШИРИШ” РЕЖАСИ ҚЎЙДИ
Шовот туманида ҳоким ёрдамчиларига ижтимоий реестр ва камбағаллик рўйхатидан фуқароларни кунлик режа асосида чиқариш талаби қўйилаётгани иддао қилинмоқда. Бундай “кунлик режа” меъёрий-ҳуқуқий асосларга қай даражада мос экани савол уйғотмоқда.
Хоразм вилояти Шовот туманида ҳоким ёрдамчиларига ижтимоий реестр ва камбағаллик рўйхатида турган фуқароларни рўйхатдан чиқариш бўйича кунлик режа белгиланаётгани ҳақида Элтузарга мурожаат келиб тушди.
Мурожаат муаллифининг айтишича, сўнгги бир ой давомида Шовот тумани ҳокими ўринбосари Санъат Саидов ҳар куни кечки соат 19:00–19:30 атрофида ҳоким ёрдамчиларини туман ҳокимияти залида мажлисга чақириб келмоқда. Унинг таъкидлашича, йиғилишларда ходимларга нисбатан босим, таҳдид ва буйруқбозлик ҳолатлари кузатилмоқда.
Мурожаатда айтилишича, айниқса, ижтимоий реестрда ва камбағаллик рўйхатида турган фуқароларни мажбурий равишда рўйхатдан чиқариш бўйича топшириқ берилаётгани ходимлар ўртасида норозилик келтириб чиқармоқда.
“Ҳар куни асаббузарлик бўлмоқда. Бу ҳолат ходимларнинг ишга, келажакка ва Президент сиёсатига нисбатан салбий фикрга боришига сабаб бўлмоқда. Саидов Санъат буйруқ тепадан бўлганини айтиб, ходимлар “боши билан” жавоб бериши ҳақида бот-бот такрорламоқда”, дейилади мурожаатда.
Таҳририятга тақдим этилган топшириқ матнида эса қуйидаги сўзлар келтирилган:
“Реестрдан тушириш бўйича ўзларингизга қўйилган режани бажариши шарт! Кунлик режа 5 та!!! Режани бажармаган ҳоким ёрдамчиси йиғилишга қатнашади!!!”
Ушбу ҳолатда бир қатор саволлар юзага келади. Ижтимоий реестр ва камбағаллик рўйхатидан фуқароларни чиқариш аниқ мезонлар, ўрганиш ва қонуний асослар билан амалга оширилиши керакми ёки бу жараёнга “кунлик режа” қўйиш мумкинми? Агар фуқаро ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож бўлса, уни режа бажариш учун рўйхатдан чиқариш ижтимоий адолатга қанчалик мос?
Мурожаатда келтирилган иддаолар юзасидан Шовот тумани ҳокимлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамда масъул ташкилотлар расмий изоҳ бериши мақсадга мувофиқ.
Таҳририят мазкур ҳолат бўйича Шовот тумани ҳокимлиги ва ҳоким ўринбосари Санъат Саидовдан муносабат кутади. Ҳолат юзасидан расмий изоҳ берилса, уни эълон қилишга тайёрмиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг