Шовот-Гурлан автомобиль йўлида жойлашган кўприкнинг хавфли ҳолатга келиб қолгани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Фуқароларга кўра, кўприкда ёриқлар, қопламаларнинг ечилиши ва чўкиш аломатлари кузатилмоқда.

Мазкур йўлдан ҳар куни юк машиналари, йўловчи транспорт воситалари ва енгил автомобиллар ҳаракатланади. Шу боис аҳоли бу муаммони оддий инфратузилма камчилиги эмас, балки инсон ҳаёти ва хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий масала сифатида баҳоламоқда.

Шовот–Гурлан йўлидаги кўприкдаги ёриқлар ва чўкиш аломатлари аҳолини хавотирга солмоқда. Ҳар куни юзлаб машиналар ҳаракатланадиган бу жойда хавфсизлик чоралари қачон кўрилади?

Мурожаатларда айтилишича, кўприкни таъмирлаш, мустаҳкамлаш ёки ҳеч бўлмаганда вақтинчалик хавфсизлик чораларини кўриш бўйича аниқ ҳаракатлар сезилмаяпти. Фуқаролар огоҳлантирув белгилари ўрнатиш, оғир юк машиналари ҳаракатини чеклаш ёки ҳаракатни вақтинча қайта ташкил этиш каби минимал чоралар ҳам кўрилмаётганини таъкидламоқда.

Аҳоли Шовот туман ҳокимлиги ушбу масалага жиддий эътибор қаратиши кераклигини билдирмоқда. Айниқса, фуқаролар билан ишлаш ва жойлардаги муаммоларни ҳал этиш борасида масъул раҳбарлар, жумладан, туман раҳбарияти фаолиятига нисбатан саволлар кўпайган.

“Кўприк бугун хавфли ҳолатда. Эртага бирор фожеа юз берса, жавобгарликни ким олади?” — дейди мурожаат муаллифлари.

Ҳолат бўйича масъул ташкилотлар кўприкнинг техник ҳолатини зудлик билан ўрганиб, аҳолига расмий маълумот бериши зарур. Агар таъмирлаш учун вақт ёки маблағ талаб этилса ҳам, хавфсизлик чораларини кечиктирмасдан кўриш мумкин.

Элтузар таҳририяти Шовот туман ҳокимлиги ва тегишли масъул идоралардан мазкур кўприкнинг ҳолати юзасидан расмий муносабат кутади.