ШОВОТДА БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИ ХОДИМЛАРИДАН БОЛАЛАР ОРОМГОҲИ УЧУН ПУЛ ЙИҒИЛМОҚДА
Шовот туманида корхона ва ташкилотлар ходимларидан болалар оромгоҳи учун 1,2 млн сўмдан мажбурий пул йиғилаётгани, пул бермаганларга ишдан бўшатиш таҳдиди қилинётгани иддао этилмоқда. Ҳокимлик ҳали расмий изоҳ бермади.
Хоразм вилояти Шовот туманидаги корхона ва ташкилотлар ходимларидан болалар оромгоҳи учун мажбурий тарзда пул йиғилаётгани иддао қилинмоқда. Бу ҳақда Элтузарга келиб тушган мурожаатда маълум қилинган.
Мурожаатда айтилишича, туман ҳокими Муродбек Давлатов ташаббуси билан корхона ва ташкилотлар ходимларидан 1 миллион 200 минг сўмдан пул талаб қилинаётгани билдирилган. Ходимлар ушбу маблағни бермаган тақдирда, уларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинаётгани иддао қилинмоқда.
Мурожаат муаллифлари болалар оромгоҳи учун маблағ бюджетдан ажратилиши керак эмасми, деган саволни ўртага қўйган. Уларнинг таъкидлашича, туманда бундай пул йиғиш ҳолатлари 2025 йил март ойидан, Муродбек Давлатов Шовот тумани ҳокими лавозимига келганидан буён давом этиб келмоқда.
“Ҳозирги вақтда ходимлар кредит тўлаш, оиласини боқиш ва кундалик эҳтиёжларини қоплашда қийналаётган бир пайтда бундай пул йиғишлар ортиқча юк бўлмоқда”, дейилади мурожаатда.
Шунингдек, мурожаатда бундай ҳолатлар Шовот туманидан бошқа туманларда кузатилмаётгани айтилган. Корхона ва ташкилотлардан пул йиғиш бўйича ҳокимият томонидан тузилган рўйхат ҳам илова қилингани маълум қилинди.
Ҳозирча Шовот тумани ҳокимлиги мазкур иддаолар юзасидан расмий изоҳ бергани маълум эмас. Таҳририят мутасаддилардан ҳолатга муносабат билдиришини сўрайди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг