Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги 36-сонли давлат боғчаси ходимларидан тумандаги болалар оромгоҳи учун 820 минг сўмдан маблағ йиғмоқда.

«Ойлигимиз 500–600 минг сўм атрофида. Шундай бўлса ҳам 820 минг сўмдан пул тўлашга мажбур бўлдик. Бу ҳокимнинг топшириғи, деб айтишди», — дейилади мурожаатда.

Манбага кўра, бу билан йиғимлар тугамаган. Боғча мудираси бассейн сотиб олиш учун ҳам ҳар бир ходимдан 50 минг сўмдан қўшимча маблағ йиғган.

Ҳаво ҳарорати юқори бўлгани сабабли боғчаларда дам олиш эълон қилинган бўлса-да, 36-сонли боғча ходимлари таътилга чиқарилмади.

«Барча ходимларга боғчадаги гиламларни ювиш топширилди. Агар норозилик билдирсак ёки рад этсак, муаммо қилиб қўйишларидан қўрқяпмиз», — дейди мурожаат муаллифлари.

Ходимлар ушбу ҳолатлар бўйича масъул идораларнинг ҳуқуқий баҳо беришни ва мажбурий йиғимлар ҳамда меҳнатга жалб қилиш ҳолатларини ўрганишни талаб қилишяпти.

Боғчани буюмлар билан таъминлаб,  оромгоҳга йўлланма сотиб олиш ўқитувчилар зиммасида бўлса, давлат ажратган маблағ қаерга сарфланади?