ШОВОТДАГИ БОҒЧА МУДИРИ ШИКОЯТЧИЛАРНИ ҚИДИРМОҚДА
Шовот туманидаги 36-боғча ходимлари шароит ёмонлиги ҳақидаги шикоятидан сўнг маъмурият муаммони бартараф этиш ўрнига шикоятчиларни қидиришга тушгани, тарбиячиларга босим ва таҳдидлар кучайганини айтмоқда.
Хоразм вилояти Шовот туманидаги 36 сонли боғча ходималари муссасадаги шароитлар ёмонлиги, болалар ҳатто ерда ухлаб қолаётгани ва озиқ-овқат сифати пастлиги ҳақида Элтузарга шикоят йўллашган эди.
Нашримиз шикоятни ўрганиб чиқиб нашр қилгач, ҳар доимги сценарий бошланди. Боғча маъмурияти муаммони ҳал қилиш ўрнига муаммони айтганни топишга киришиб кетди, дейди ходимлар иккинчи бор таҳририятмизга йўллаган шикоятида.
«Ҳозир боғчада зимдан қидирув кетяпти. Ким ёзди? Ким шикоят қилди? Кимнинг ҳадди сиғди? Ҳокимият вакиллари, милиция ходимлари келиб тарбиячиларни сўроққа тутишяпти» – дейди ходимлар.
Бу босимлар асосан мажлисларда, ҳатто юзма-юз суҳбатларда ҳам янграмоқда:
«Асли муаммо нима эди, нима учун шикоят ёзилди – бу саволлар, афсуски, мутасаддилардан ҳеч кимни қизиқтирмади. Ҳар куни босим ва таҳдидлар одатий ҳолга айланди. Ҳаммангни бўшатамиз, ўрнингга бошқани оламиз, дея ярашиқсиз пўписалар қилишади.»
Бу муҳитда болага қандай тарбия, қандай меҳр бериш мумкин? Меҳнат кодекси қачон чиқиндига айланди?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг