ШОВОТДАГИ ҲАРОБ БОҒЧА ХОДИМЛАРИ БОСИМ ОСТИДА
Шовот туманидаги 36-сонли давлат боғчасида болалар қаровсиз қолayotgani, озиқ-овқат сифатининг пастлиги ва ходимларга босим ҳақида шикоятлар келмоқда. Манфаатлар тўқнашуви ва текширувлардан кейин ҳам вазият ўзгармаётгани айтилмоқда.
Хоразм вилояти, Шовот туманидаги 36-сонли давлат боғчасида болалар қаровсизлиги ва озиқ-овқат сифатининг пастлиги жиддий норозиликларга сабаб бўлмоқда.
Мана, суратларда болалар ерда тартибсиз ухлаб ётганини кўрамиз. Боғчага келмаган болаларни электрон тизим орқали “келди” деб белгиланиши учун боғча ходимлари маҳаллаларни айланиб юришгани айтилмоқда.
Мурожаатда таъкидланишича, боғчадаги таъминот жараёни мудиранинг яқин қариндоши назоратида бўлиб, бу ҳамкорлик манфаатлар тўқнашуви ва эҳтимолий талон-торож ҳақидаги шубҳаларни кучайтиради.
Айни дамда расмий штат 10 та бўлган ҳолда, 25 нафар ходим 0,25 ставкаларга ишга олинган. Боғчадаги вазият текширувлардан кейин ҳам ўзгармади.
«Яқинда текширув ўтганидан кейин ходимларга телефондан фойдаланиш тақиқланди. Шикоят қилган ходимлар босимга учрайди, сўроқлар очиқ-ойдин эмас, раҳбар иштирокида ўтказилади» – дейди боғча ходимлари.
Боғчадаги шароитни холис ўрганиш, барча молиявий ва ташкилий жараёнларни текшириш, ходимлар ва ота-оналарга босим бўлмаслигини таъминлаш, ва энг муҳими – болалар хавфсизлигини кафолатлаш зарур.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг