Бухоро вилояти Шофиркон тумани Хорин МФЙда яшовчи Болтаева Фарида Деҳқоновна таҳририятга мурожаат йўллади. Унинг айтишича, оиласи йиллар давомида меҳнат қилиб қурган уй бугун бузилиш хавфи остида қолган.

Мурожаатда қайд этилишича, Фарида Болтаева турмуш ўртоғи Нарзуллаев Акмал ва икки нафар фарзанди билан 2015 йилдан буён алоҳида яшаб келади. Унинг таъкидлашича, уй 2020 йилда қонуний тартибда расмийлаштирилган: солиқ тўлаб келинган, кадастр ҳужжатлари, архитектура чизмалари, лойиҳа ҳужжатлари ҳамда Шофиркон тумани ҳокимининг қарори мавжуд.

Шунга қарамай, мурожаат муаллифига кўра, Мажбурий ижро бюросининг 2026 йил 7 майдаги қарори асосида уйни бузиш ишлари амалга оширилиши айтилган. Бузиш ишлари тез орада бўлиши маълум қилинган.

Фуқаро уй ҳозиргача баҳоланмагани, компенсация тўланмагани ва оиланинг ижтимоий аҳволи инобатга олинмаганини билдирмоқда. У Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47-моддасига таяниб, уй-жой дахлсизлиги ҳамда уй бузилиши олдидан қонунда белгиланган тартибда компенсация тўланиши лозимлигини эслатмоқда.

Фарида Болтаева Бухоро вилояти ҳокими, тегишли суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда юқори турувчи ташкилотлардан мазкур ҳолатни қонуний ўрганишни, масъуллар хатти-ҳаракатларига баҳо беришни ва адолатли ечим топишни сўрамоқда.

Таҳририят мазкур ҳолат юзасидан масъул ташкилотлардан расмий изоҳ кутади.