ШОФИРКОНДА ЙТҲ: ФУҚАРО БИР ҲАФТАДАН БЕРИ ЭКСПЕРТНИ КУТЯПТИ
Шофиркон туманида икки авто иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Фуқаро деярли бир ҳафтадан бери автомашиналар экспертизадан ўтказилмаётгани ва жарима майдончасида асоссиз ушлаб турилганидан норози бўлиб, мутасаддилардан расмий изоҳ сўрамоқда.
Бухоро вилояти Шофиркон туманида йўл-транспорт ҳодисасига учраган фуқаро қарийб бир ҳафтадан бери автомобиллар экспертиза учун кўздан кечирилмаётгани ва машиналар жарима майдончасида қолиб кетаётганидан шикоят қилиб, Элтузарга мактуб йўллади.
Мурожаат муаллифининг билдиришича, 2026 йил 10 сентябрь куни соат тахминан 23:00 ларда Шофиркон тумани марказида унга тегишли Cobalt ҳамда Nexia-3 русумли автомобиллар иштирокида ЙТҲ содир бўлган.
Ҳодисадан кейин ҳар икки автомобиль ЙПХ ходимлари томонидан вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Фуқаронинг айтишича, 16 сентябрга қадар, яъни қарийб бир ҳафта давомида эксперт келиб автомобилларни кўздан кечириш масаласи ҳал этилмаган.
«Экспертиза суриштирув учун зарур бўлса, нега бу жараён paysalga солинмоқда? Автомашина жарима майдончасида турибди, мен эса ортиқча сарсон бўлиб, вақт ва моддий зарар кўрмоқдаман», – дейди мурожаат муаллифи.
У масъул идоралардан ЙТҲ бўйича экспертиза ва бошқа зарур процессуал ҳаракатларни асоссиз чўзмасдан ўтказишни, шунингдек, автомобилнинг жарима майдончасида сақланаётгани учун аниқ ҳуқуқий асосларни тушунтиришни сўрамоқда.
Мурожаат муаллифи, шунингдек, транспорт воситасини ушлаб туриш учун асос қолмаган тақдирда уни эгасига қайтариш масаласи ҳам кечиктирилмаслиги кераклигини таъкидламоқда.
«Экспертиза қачон ўтказилади ва автомобиль қачон эгасига қайтарилади?» – деган саволни ўртага ташламоқда у.
Бир ҳафтага яқин вақт давомида фуқарони эксперт келишини кутишга мажбур қилиш қанчалик асосли?
Элтузар Шофиркон тумани ЙҲХБ ва бошқа мутасадди идоралардан мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат беришни сўрайди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг