ШОФИРКОН–ТОШКЕНТ ЙЎНАЛИШИДА ЖАНЖАЛ
Шофиркон–Тошкент йўналишида тендерни ютган “MUXAMEDSHARIF” МЧЖ хизматидан йўловчилар норози: чипта нархи, графикка риоя қилмаслик, тўхташ жойлари ва ҳаракат хавфсизлиги бўйича эътирозлар ортиб, Прокуратура ва Транспорт вазирлигидан текширув сўралмоқда.
2026 йил 5 февраль куни электрон тарзда ўтказилган очиқ тендер натижаларига кўра, VSH-1097-сонли “Toshkent sh.–Shofirkon” автобус йўналишида хизмат кўрсатиш ҳуқуқи “MUXAMEDSHARIF” МЧЖга берилган. Маълумотларга кўра, мазкур йўналиш бўйича 315-сонли оммавий оферта шартномаси имзоланган ва корхона 2033 йил 5 февралга қадар ушбу йўналишда йўловчиларга хизмат кўрсатиши белгиланган.
Шартнома талабларига мувофиқ, Шофиркон туманидан Тошкент шаҳрига йўловчиларни 89 минг сўм эвазига ташиш назарда тутилган. Бироқ фуқароларнинг айтишича, амалда ушбу йўналишда бир қатор жиддий камчиликлар кузатилмоқда.
Йўловчилар, аввало, автобуслар белгиланган графикка риоя қилмасдан, кечикиб ёки ўзбошимчалик билан йўлга чиқиб кетаётганидан норози. Шунингдек, туманда мазкур автобуслар учун алоҳида тўхташ ва йўловчиларни кутиш ҳудудлари етарлича ташкил этилмагани, Тошкентга кетиш учун келган фуқаролар юклари билан соатлаб тик туришга мажбур бўлаётгани таъкидланмоқда.
Мурожаатда чипта сотиш тартибига оид ҳам эътирозлар билдирилган. Фуқароларнинг иддаосича, 89 минг сўмга сотилаётган айрим чипталарда QR-кодлар мавжуд бўлса-да, уларнинг ҳақиқийлиги шубҳа уйғотмоқда. Шу боис мазкур ҳолатлар бўйича солиқ органлари томонидан текширув ўтказилиши сўралмоқда.
Йўловчилар яна бир муҳим масала сифатида ҳаракат хавфсизлигини тилга олган. Улар айрим ҳайдовчилар автобусни қўпол ва хавфли бошқараётгани, бу эса йўловчилар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкинлигини билдирмоқда.
Маълум қилинишича, ушбу камчиликлар юзасидан “MUXAMEDSHARIF” МЧЖга Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Автомобиль ва жамоат транспорти департаменти раҳбарияти томонидан 2026 йил 23 февраль ҳамда 2026 йил 8 март кунлари расмий огоҳлантириш хатлари юборилган. Бироқ мурожаат муаллифларига кўра, шунга қарамай ҳолатларда ижобий ўзгариш сезилмаяпти.
Фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Транспорт вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасидан “MUXAMEDSHARIF” МЧЖ фаолиятини ўрганиш, йўловчилар хавфсизлиги, хизмат сифати, чипта сотиш ва солиқ тўловлари билан боғлиқ ҳолатларга ҳуқуқий баҳо беришни сўрамоқда.
Ҳолат юзасидан мутасадди ташкилотлар ва “MUXAMEDSHARIF” МЧЖ расмий муносабат билдирса, уларнинг позицияси ҳам эълон қилинади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг