Шофиркон туманидаги Халқ банки филиалида ходимлар ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида Элтузар маълум қилганидан сўнг филиал раҳбарияти жамоа ичида суриштирув бошлади.

Мурожаат муаллифларига кўра, банк раҳбари Раҳмонов Раҳим томонидан жамоада Элтузарга ким ахборот берганини аниқлаш учун босим кучайтирилган. Ходимлар “тергов”га ўхшаш яккама-якка сўроқларга чақирилмоқда, уларга ортиқча вазифалар юкланиб, турли йўллар билан тазйиқ ўтказилаётгани айтилмоқда.

Банк жамоаси иккига бўлинган: раҳбарга яқин ва унинг топшириқларини сўзсиз бажарадиганлар бир томонда, оддий ходимлар эса иккинчи томонда. Даъволарга кўра, ким раҳбарнинг ҳатто қонунийлиги шубҳали топшириқларини бажарса, унга имтиёзлар берилади. Бошқалар эса босим остида қолмоқда.

Шунингдек, айрим ходимларнинг ойликлари асоссиз равишда камайтирилиб, бошқаларга қўшиб берилган ҳолатлар бўлиши мумкин. Бу ҳолатни текшириш учун 2026 йилдаги иш ҳақлари қайта кўриб чиқилиши кифоя.

Танқид нишони бўлган филиал раҳбарияти эса “ким ёзганини аниқласам, банк тизимида ишламайдиган қиламан” дея дағдаға қиляпти. Доимгидек, муаммони эмас, муаммони айтган одамларни бартараф қилишга уриниш бу.