Бухоро вилояти Шофиркон туманида фаолият юритаётган бир гуруҳ тадбиркорлар Элтузарга жиддий муаммо билан мурожаат қилди. Уларнинг таъкидлашича, Шофиркон тумани Халқ банки филиали раҳбари Раҳмонов Райим фаолияти давомида кредит ажратиш жараёнида пора талаб қилиб коррупцияга йўл қўймоқда.

Элтузарга шикоят йўллаган 10 нафардан ортиқ тадбиркор бир овоздан шуни таъкидламоқдаки, Раҳмонов раҳбар лавозимга келганидан буён фуқароларга ажратиладиган маблағлар ўз вақтида тушмаяпти. Тадбиркорлар иддаосига кўра, жараён “норасмий тўлов” билан тезлашади: ким маълум миқдорда пора берса, унинг кредити ажратилади, бермаганлар эса турли баҳоналар билан орқага сурилади.

Тадбиркорлар сўзларига кўра, аввал 33 миллион сўмлик кредит учун 100 доллар талаб қилинган бўлса, ҳозир кредит миқдори 50 миллионга етган ва “ставка” 150 долларгача ошган.

Шунингдек, банк далолатномалари асоссиз бекор қилинмоқда. Мурожаатчилар айтишича, раҳбар ходимларга топшириқ бериб, турли баҳоналар билан ҳужжатларни бекор қилдирмоқда. Тадбиркорлар эса ҳужжатларни қайта топшириш учун яна ҳафталаб овора бўлишяпти.

“Биз кредитни ишимизни ривожлантириш, камбағалликдан чиқиш учун оламиз. Лекин аввал бировни пора билан рози қилишга мажбурмиз” — дейди мурожаатчилардан бири.

Шофиркондаги бу ҳолат ҳоким ёрдамчиларига ҳам қийинчилик туғдирмоқда, чунки тизим навбат асосида ишлаши керак. Аммо амалда бу тартиб бузилган.

Марказий банк ва халқ банкидан кредитлашдаги коррупцион ҳолатларни жиддий назоратга олиш сўралади.