Элтузарга Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги маҳаллалар фаолиятига оид мурожаат келиб тушди. Унда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Шеробод туман бўлими раҳбари Олтибой Бобоевич Остонақулов 2026 йил апрелида иш бошлаганидан буён тумандаги 48 та маҳалланинг 15 нафари раисини лавозимидан четлатгани билдирилган.

Мурожаатда яна ҳам жиддийроқ масала кўтарилган. Манбага кўра, Чағатой, Деҳқонариқ, Қуллуқшо, Ғуржак-1, Гулчинор ва Галагузар маҳаллаларида раис сайлови ўтказилмасдан, айрим шахслар раис вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида ишга қабул қилинган. Даъвога кўра, бу туман бўлими раҳбарининг буйруғи асосида амалга оширилган.

Хўш, Маҳаллалар уюшмаси раҳбари ўз буйруғи билан «вазифани вақтинча бажарувчи» тайинлаши мумкинми?

Амалдаги «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раиси фуқаролар йиғини томонидан, йиғинни чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан беш йилга сайланади. «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддаси ҳам раис беш йил муддатга сайланишини белгилайди.

Раиснинг ваколати муддатидан илгари тугаса, сайлов тўғрисидаги қонуннинг 28-моддаси бўшаб қолган ўринга янги сайлов ўтказилишини талаб қилади ва бундай раис ҳам беш йилга сайланади.

Шу ўринда Элтузарга келган мурожаатдаги ҳуқуқий асосларнинг бир қисмини аниқлаштириш зарур. Мурожаатда «янги сайлов бир ой ичида ўтказилиши шарт» деб кўрсатилган. Амалдаги қонунда бир ойлик муддат 27-моддада такрорий сайловга нисбатан белгиланган – масалан, аввалги сайлов ўтмаган ёки натижа бермаган ҳолларда. Бўшаб қолган раис ўрнига сайловни тартибга солувчи 28-моддада эса айнан «бир ой ичида» деган муддат кўрсатилмаган.

Шунингдек, мурожаатда келтирилган «13-моддага кўра вазифани вақтинча бажариш фақат фуқаролар йиғини қарори билан юкланади» деган ҳуқуқий изоҳ ҳам амалдаги қонун матнига айнан мос келмайди.

Президентнинг Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятига оид ПҚ-402-сон қарорида туман ва шаҳар бўлимлари Уюшманинг ҳудудий тузилмалари сифатида белгиланган. Аммо мазкур ҳужжатда туман бўлими бошлиғига сайланадиган маҳалла раисини ўз буйруғи билан тайинлаш ваколати берилгани кўринмайди.

Шу боис Элтузар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Ғофуржон Мирзаев, Уюшманинг Сурхондарё вилояти бошқармаси ва Шеробод туман бўлимидан ушбу ҳолатга изоҳ сўрайди.