ШЕРАЛИ КОМИЛОВНИНГ ОТАСИ АБРОР МУХТОР АЛИЙДАН КЕЧИРИМ СЎРАШНИ ТАЛАБ ҚИЛДИ
Блогер Шерали Комиловнинг отаси Набихон Комилов Аброр Мухтор Алийнинг «отаси оқ қилган» деган иддаосини рад этди ва ундан омма олдида узр сўрашини талаб қилди. Акс ҳолда Набихон Комилов Аброр Мухтор Алий устидан арз қилмоқчи.
Ижтимоий тармоқларда диний блогер сифатида танилган Аброр Мухтор Алийнинг блогер Шерали Комилов ҳақидаги навбатдаги чиқиши янги баҳсларга сабаб бўлди.
17 июнь куни Аброр Мухтор Алий ижтимоий тармоқда чиқиш қилиб, Шерали Комиловни “отаси оқ қилган”и ҳақида иддао билдирди. Ушбу баёнот ортидан Элтузар таҳририятига Шерали Комиловнинг отаси, Қашқадарё вилояти Китоб тумани Қайнар қишлоғида истиқомат қилувчи 70 ёшли нафақахўр Набихон Комиловнинг аудио мурожаати йўлланди.
Икки дақиқадан ортиқ давом этган аудио мурожаатда Набихон Комилов Аброр Мухтор Алийнинг гапларини рад этади. У ўз фарзанди Шерали Комиловни ҳеч қачон “оқ қилмагани”ни, аксинча, ўғлининг қилган ишларидан фахрланишини айтади.
Набихон Комилов ўз мурожаатида Аброр Мухтор Алийдан омма олдида кечирим сўрашни талаб қилган. Унинг таъкидлашича, агар Мухтор Алий “ёлғон гапиргани ва туҳмат қилгани” учун узр сўрамаса, у ҳолда тегишли органларга мурожаат қилиб, уни жавобгарликка тортишни сўрашини билдирган.
“Мен фарзандимни оқ қилганим йўқ. Мен ўғлим билан фахрланаман”, дейди Набихон Комилов ўз аудио мурожаатида.
Эслатиб ўтамиз, 16 июнь куни Элтузарда Аброр Мухтор Алийнинг Шерали Комиловга нисбатан судга мурожаати тарқалгани ҳақида мақола эълон қилинган эди. Унда тарқалган қўлёзма аризада Мухтор Алий Комиловдан моддий ва маънавий зарар ундиришни, шунингдек, унга нисбатан “энг оғир” жазо қўлланишини сўрагани айтилганди.
Ҳужжатда Аброр Мухтор Алий суд жараёнларида шахсан иштирок этмаслигини билдиргани ҳам келтирилган. 2025 йил март ойида тарқалган Аброр Мухтор Алийнинг ушбу аризаси нусхаси ижтимоий тармоқларда тарқалиши ортидан кўпчилик уни «терпила» дея танқид қилиб чиқди.
47 ёшли Шерали Комилов аввалроқ бир қатор фуқароларнинг аризалари асосида туҳмат ва ҳақорат билан боғлиқ айбловлар юзасидан судланган. У дастлабки тергов жараёнлари давомида 17 ой тергов ҳибсхонасида сақланди ва ўтган ой суд томонидан оқланиб озодликка чиқди.
Шунингдек, Комиловга нисбатан тергов органлари томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми — товламачилик айблови қўйилгани, аммо суд ҳукмида у ушбу эпизод бўйича ҳам оқлангани айтилган. Тарқалган маълумотларда унинг 168-модда 3-қисми — фирибгарлик бўйича айбланган эпизодда ҳам оқлангани билдирилган.
Ҳозирча Аброр Мухтор Алий Набихон Комиловнинг аудио мурожаати ва ундаги талаблар юзасидан расмий муносабат билдиргани маълум эмас. Суд ёки ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳам мазкур баҳс бўйича очиқ изоҳ берилмаган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг