“Нуроний” жамғармасининг республика бошқарувчи раисининг 1- ўринбосари, таниқли публицист Шароф Убайдуллаев “Иқбол табиб” номи билан машҳур қўқонлик Иқбол Солиев фаолияти юзасидан масъул идораларни чора кўришга чақирди.

55 ёшли Иқбол Солиев Ўзбекистонда ноанъанавий даволаш усуллари билан ном чиқарган табиб ҳисобланади.

2026 йил 7 апрель куни эълон қилинган муносабатда фахрий журналист Шароф Убайдуллаев тиббий ёрдамга муҳтож аҳолини турли “сохта усуллар” билан алдаб, моддий манфаат кўраётган Иқбол Солиев фаолиятидан хавотирда эканини билдирган.

Баёнотда мазкур ҳолатга, аввало, маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоат ташкилотлари эътибор қаратиши лозимлиги таъкидланган.

Шароф Убайдуллаев, шунингдек, Фарғона вилоятидаги мутасадди ташкилотлар ва жамоатчилик вакилларининг бу каби ҳолатларга нисбатан муносабати савол остида қолаётганини қайд этган.

Унинг фикрича, аҳоли саломатлиги ва ишончи билан боғлиқ масалаларда жамоатчилик назорати ва очиқ муҳокама кучайтирилиши керак.

Баёнотда “Нуроний” тизимидаги маҳаллий бўлинмалар фаолиятига ҳам танқидий баҳо берилган. Муаллиф йиллар давом этгани айтилган бундай ҳолатлар учун жойлардаги айрим масъул тузилмалар ҳам халқ, ҳукумат ва ўз виждони олдида жавобгар эканини билдирган.

Шароф Убайдуллаев ўз мурожаати якунида жамиятда тинчлик, осойишталик ва адолатли турмуш тарзини таъминлаш ҳар бир фуқаронинг масъулияти эканини таъкидлаб, жамоатчиликни бу масала юзасидан бефарқ бўлмасликка чақирган.