Мамлакатда камбағалликка қарши кураш янги босқичга чиққан кўринади. Энди статистика, ишсизлик, инфляция ёки даромадлар таҳлили шарт эмас. Кам таъминланган оиланинг уйига кирилади, холодильник очилади ва танбеҳ берилади «Нега тоза эмас?»

Шаҳрисабз туман ҳоқими иқтисодий муаммоларнинг асл сабаби тозалик йўқлигида  деб биларкан. Шунақа қилиб камбағаллик энди санитария муаммосига айлантирилди.

Ҳоким тўранинг: «Менинг уйимга келинглар, аёл киши уйни қандай тутиши кераклигини кўрсатаман», қабилидаги гапи кринж ёқасидаги абсурд бўлди. Фуқаро ҳокимнинг уйига бориб «қабилабоши Бенамуки рўзғори чинни чироқ экан, ўўўў»  деб ҳайратланиб бошқа камбағал Жумавойларга айтиб берадими?

Кам таъминланган аёлни танқид қилишдан олдин, унинг нима учун кам таъминлангани ҳақида ўйлаш керак эмасми?

Балки у ишсиздир. Балки ногирон фарзандини парвариш қилаётгандир. Балки ойлик даромади озиқ-овқатга зўрға етаётгандир. Эҳтимоллар миллионта.

Одамнинг аҳволини билмасдан туриб, унинг музлаткич орқали хулоса чиқариш  бошқарувдан кўра шоуга ўхшайди. Геттоларни иркит қилиб кўрсаиган Гестапо усулларини эслатади. Давлатнинг вазифаси фуқаронинг камчилигини элга кўрсатиш эмас, имкониятини кенгайтиришдир.