ЎЗБЕКИСТОН СЕНАТИ МАРКАЗИЙ ОСИЁ ВА ХИТОЙ ЎРТАСИДАГИ ШАРТНОМАНИ МАЪҚУЛЛАДИ
Олий Мажлис Сенати Марказий Осиёнинг беш давлати ва Хитой ўртасида абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик ҳақидаги шартномани маъқуллади. Ҳужжат транспорт, савдо, инвестиция ва хавфсизликдаги узоқ муддатли ҳамкорликка йўл очади.
2026 йил 2 октябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Марказий Осиёнинг беш давлати ва Хитой ўртасидаги абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонун кўриб чиқилди. Якунда сенаторлар қонунни маъқуллади.
Гап Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги шартнома ҳақида бормоқда. Ҳужжат 2025 йил 17 июнда Остонада имзоланган.
Ушбу ҳужжат «Марказий Осиё – Хитой» формати доирасида тузилган биринчи кўп томонлама халқаро шартнома ҳисобланади. У Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.
Шартномада давлатларнинг суверен тенглиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, куч ишлатмаслик ҳамда низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойиллари белгиланган.
Ҳужжат фақат сиёсий муносабатлар билан чекланмайди. Унда савдо ва инвестициялар, транспорт-коммуникация тармоқлари, энергетика, саноат кооперацияси, рақамли технологиялар, «яшил» тараққиёт ҳамда гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш назарда тутилган.
Шартноманинг Ўзбекистон учун муҳим йўналишларидан бири транспорт ва логистика ҳисобланади. Ҳужжат Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини қуриш, минтақада янги транспорт йўлакларини ривожлантириш ва логистика инфратузилмасини модернизация қилиш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча имкониятлар яратиши қайд этилган.
Шунингдек, «Электрон Ипак йўли» савдо платформасини ривожлантириш ҳам назарда тутилмоқда. Бу электрон савдо ва минтақалар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган йўналишлардан бири сифатида кўрсатилган.
Сенаторлар муҳокамада шартноманинг Ўзбекистон учун инвестициялар жалб қилиш, экспорт ва транзит имкониятларини кенгайтириш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришдаги аҳамиятини таъкидлаган.
Муҳокама якунлари бўйича Сенат шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг