Саудия Арабистони Мерос комиссияси Мадина вилоятида олиб борилган археологик тадқиқотлар вақтида илк ислом тарихининг энг машҳур шахсларидан бири Умар ибн Ҳаттоб номи тилга олинган қояёзув топилганини маълум қилди.

Комиссия сешанба куни берган баёнотида ушбу қояёзув Ал-Маҳд вилоятида ўтказилган кенг кўламли тадқиқот миссиясининг биринчи ва иккинчи мавсумлари давомида аниқланган 1774 та археологик топилма қаторига киришини билдирди.

Мерос комиссияси тақдим этган маълумотларга кўра, тадқиқот гуруҳлари ҳудудда илгари номаълум бўлган 173 та археологик ёдгорликни ҳужжатлаштирган. Комиссия бу натижалар минтақанинг “бой ва хилма-хил тарихий мерос”га эга эканини яна бир бор кўрсатишини таъкидлади.

Мутахассислар фикрича, Мадина вилояти ва унинг атрофидаги бундай топилмалар нафақат Саудия Арабистони тарихи, балки илк ислом даврини ўрганишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Умар ибн Ҳаттоб ислом тарихида иккинчи халифа сифатида танилган бўлиб, унинг номи билан боғлиқ ҳар қандай археологик маълумот тадқиқотчилар учун катта қизиқиш уйғотади.

Комиссия археологик тадқиқотлар давом эттирилишини ва янги топилмалар илмий жиҳатдан ўрганилиб, ҳужжатлаштирилишини маълум қилди.