САУДИЯ АРАБИСТОНИ МУҲИМ НЕФТ ҚУВУРИНИ ҚАЙТА ИШГА ТУШИРМОҚЧИ – НЕФТ НАРХИ ПАСАЯДИМИ?
Саудия Арабистони дронлар ҳужумидан сўнг тўхтаб қолган «Шарқ-Ғарб» нефть қувурини қайта ишга туширишга ҳозирланмоқда. Бу геосиёсий хавфлар шароитида Ҳурмуз бўғозини четлаб ўтиб, нефть экспортини тиклаш ва жаҳон нархларига босимни пасайтириши мумкин.
Саудия Арабистони «Шарқ-Ғарб» номли стратегик нефть қувурининг ишини қайта тиклашга тайёрланмоқда.
Бу қувур Саудия Арабистонига нефтьни Форс кўрфазидан Қизил денгиз соҳилига етказиб, уни Ҳурмуз бўғозини четлаб ўтган ҳолда жаҳон бозорига экспорт қилиш имконини беради. Нефть қувурининг фаолияти сентябрь ойи бошида Ироқ ҳудудидан учирилган дронлар ҳужумидан кейин тўхтатилган эди.
Хабарларга кўра, Ар-Риёд қувурни қайта ишга туширишнинг биринчи босқичини бошлаган. Ушбу йўналиш орқали нефть экспорти шу ҳафтанинг охиридаёқ қайта тикланиши мумкин.
Бу хабар ортидан жаҳон нефть бозорида нархлар пасайди. Brent маркали нефть фьючерслари бир баррел учун 2 доллардан кўпроқ арзонлаб, 8 сентябрдан буён энг паст даражага тушди.
«Шарқ-Ғарб» қувурининг қайта ишга туширилиши Ҳурмуз бўғози билан боғлиқ геосиёсий хавфлар шароитида Саудия Арабистони учун муқобил экспорт йўналишини очади. Шу билан бирга, бозорга нефть етказиб беришдаги узилишлар хавфининг камайиши жаҳон нархларига пасайтирувчи босим ўтказиши мумкин. Айни пайтда минтақада хавфсизликка таҳдидлар, жумладан, ҳусийлар томонидан эҳтимолий ҳужумлар хавфи сақланиб қолмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг