Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида бундан икки йил аввал ўрнатилган қувурлар қисқа вақт ичида қумга тўлиб, амалда фойдаланишга яроқсиз ҳолга келди.

Маҳаллий аҳолининг кўплаб мурожаатларидан сўнг ҳудудда янги лойиҳа бошланди. Мурожаат муаллифининг билдиришича, атрофдаги 5 та маҳаллани ичимлик суви билан таъминлаш учун давлат бюджети ҳисобидан қарийб 36 миллиард сўм маблағ ажратилган. Айни пайтда қурилиш ишлари давом этмоқда ва лойиҳани йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган.

Бироқ аввалги лойиҳа доирасида атиги икки йил олдин ўрнатилган қувурларнинг тақдири ҳам мавҳум қолмоқда.

Фуқароларнинг маълум қилишича, фойдаланилмай қолган қувурларнинг айрим қисмлари тегишли ташкилот томонидан тартибли равишда демонтаж қилиниб, ҳисобга олиниш ўрнига, одамлар томонидан кесиб олиб кетиляпти.

Хусусан, «Келажак сари» маҳалласига бошқа ҳудуддан сув олиб бориш мақсадида қувурларнинг анча қисми ҳашар йўли билан кесиб олинди. Демонтаж қилинган қувурларнинг бир қисми эса шу маҳалладаги Бодомзор 6-тор кўчасига олиб бориб ташланди.

Қувурлар анчадан буён йўлнинг қатнов қисмига халақит берадиган ҳолатда ётибди. Бошқа қисмлари ҳам қаровсиз ва эгасиз ҳолда қолган.

Давлат маблағи ҳисобига харид қилинган ва ўрнатилган қувурлар кимнинг балансида? Нима сабабдан улар тегишли ташкилот томонидан расмий тартибда демонтаж қилинмаган? Кесиб олинган қувурлар қаерга топширилган ва уларнинг ҳисоби юритилганми? Қувурларни фуқаролар томонидан олиб кетишга ким рухсат берган?

Бу темир-терсак давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилган лойиҳанинг бир қисми ҳисобланади. Агар қувурлар янги лойиҳа сабабли ортиқча бўлиб қолган бўлса ҳам, уларнинг кейинги тақдири белгиланган тартибда ҳал қилиниши ва жамоатчиликка тушунтирилиши лозим.

Маҳаллий аҳоли мутасадди ташкилотлардан ушбу ҳолатни ўрганиб, икки йил аввал ўрнатилган қувурларга қанча маблағ сарфлангани, улар нима сабабдан қисқа муддатда ишдан чиққан ёки фойдаланилмай қолгани ҳамда ҳозир демонтаж қилинаётган қувурларнинг қаерга топширилаётгани юзасидан изоҳ беришни сўрамоқда.