САРИОСИЁДА БАЙРАМ МУКОФОТЛАРИ ФИДОЙИ УСТОЗЛАРГА ЭМАС, ЯҚИНЛАРГА БЕРИЛДИ
Сариосиё туманида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан берилган байрам мукофотлари фидойи устозлар эмас, масъулларнинг яқинлари орасида тақсимлангани иддао қилинмоқда. Ҳодиса ўқитувчилар норозилигига сабаб бўлди.
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан берилган мукофотлар таниш-билишчилик асосида тақсимлангани ҳақида Элтузарга мурожаат келиб тушди. Унда ўқувчилари республика фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ёки юқори натижаларга эришган устозлар эътибордан четда қолгани айтилмоқда.
Мурожаат муаллифининг даъвосига кўра, уларнинг ўрнига туман таълим тизимида ишлайдиган айрим ходимларнинг яқин қариндошлари ва танишлари тақдирланган.
Хусусан, мурожаатда тақдирланувчилар рўйхатини шакллантирган масъул сифатида Сариосиё тумани таълим мониторинг бўлими раҳбари Зайнулло Пардаев тилга олинади. Муаллиф унинг онаси ҳам ҳокимлик совғасини олганини билдириб, бу танловнинг асосларига эътироз билдирмоқда.
Мурожаатчига кўра, натижа кўрсатган устозларнинг четда қолиши ва масъулнинг яқин қариндоши тақдирланиши фидойи ўқитувчиларнинг норозилигига сабаб бўлган.
Мукофотлар қандай мезонлар асосида берилган? Рўйхатни ким шакллантирган ва ким тасдиқлаган? Ўқувчилари республика миқёсида ютуққа эришган устозлар тақдирланмаган бўлса, бунинг сабаби нима?
Мурожаатдаги даъволар ҳозирча мустақил тасдиқланмаган. Сариосиё тумани ҳокимлиги, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда Зайнулло Пардаевнинг изоҳини эълон қилишга тайёрмиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг