МУҚАДДАМ СУДЛАНГАН ШАХС САРИОСИЁ ТАЪЛИМИГА РАҲБАР БЎЛДИ
Сариосиё тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига 2012 йилда мансаб сохтакорлиги ва ўзлаштиришда айбдор деб топилган Шерзод Бобоев раҳбар этиб тайинланди. Унинг судланганлик тарихи ва коррупцияга оид жиноятлар борасида қонун талаби қандай қўллангани савол туғдирмоқда.
Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига янги раҳбар тайинланди. Аммо янги раҳбар Шерзод Бобоевнинг ўтмишига оид Элтузар ихтиёрида мавжуд суд ҳужжатлари ушбу тайинлов юзасидан жиддий саволларни ўртага чиқармоқда.
Расмий маълумотга кўра, Бобоев Шерзод Хушвақтович 1987 йилда Сариосиё туманида туғилган, мутахассислиги молия-иқтисодчи. У янги лавозимга тайинлангунга қадар Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг бухгалтерия ҳисоби ва давлат харидлари шуъбасини бошқарган.
Бироқ расмий тайинлов хабарида унинг аввал жиноят ишлари бўйича суд томонидан айбдор деб топилгани ҳақида маълумот берилмаган.
2012 йилги ҳукм нимани кўрсатади?
Элтузар таҳририятига тақдим этилган суд ҳукмига кўра, Сариосиё тумани жиноят ишлари бўйича суди 2012 йил 20 ноябрда Шерзод Хушвақтович Бобоевни Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари ва 167-моддаси 2-қисми «а, б, в, г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топган.
209-модда мансаб сохтакорлиги, 167-модда эса ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш билан боғлиқ.
Жиноят иши содир бўлган вақтда Бобоев Сариосиё тиббиёт коллежида бош ҳисобчи бўлиб ишлаган.
СОХТА ҲУЖЖАТЛАР ВА ДИРЕКТОР ЖАМҒАРМАСИ
Суд ҳужжатларида тиббиёт коллежи директори ва бош ҳисобчиси иштирокида директор жамғармасидан ўқитувчи ва ишчи-хизматчиларга моддий ёрдам ва рағбатлантириш пулларини тўлаш билан боғлиқ қонунбузилишлар баён қилинган.
Ҳукмда тўлов қайдномаларига сохта маълумотлар киритиш, маблағларни асоссиз ҳисоблаш ва расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали пул маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари қайд этилган.
Иш материалларида олти ҳолат бўйича жами 11 миллион 353 минг 534 сўм маблағ тилга олинади.
Бироқ бу ерда бир нуқтага аниқлик киритиш зарур: Бобоев 2011 йил 28 октябрдан бош ҳисобчи лавозимида ишлаган. Шу сабаб ҳукмдаги барча давр ва барча суммани фақат унинг шахсий ҳаракати сифатида кўрсатиш тўғри бўлмайди.
Бобоевга қандай жазо берилган?
Суд Бобоевга ҳар икки жиноят бўйича Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 1 йил 6 ойдан ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаган.
Жиноятлар мажмуи бўйича эса якуний жазо ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан икки йил ахлоқ тузатиш ишлари этиб белгиланган.
Суд Жиноят кодексининг 45-моддаси — Бобоевни муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини ҳам муҳокама қилган.
Аммо суд унинг ижобий тавсифномалари ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб, Бобоевни муайян ҳуқуқдан маҳрум қилмасликка қарор қилган.
Демак, 2012 йилги ҳукм билан унинг кейинчалик раҳбарлик лавозимларини эгаллашига алоҳида тақиқ қўйилмаган.
Аммо 2022 йилдан кейин қонун ўзгарди.
«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасида давлат фуқаролик хизматига қабул қилиниши мумкин бўлмаган шахслар санаб ўтилган.
Улар орасида «коррупцияга оид жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахслар» ҳам бор.
Қонун бошқа бир тоифа – оғир ва ўта оғир жиноят учун судланган шахслар хусусида судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган бўлиши шартини алоҳида кўрсатади. Аммо коррупцияга оид жиноятлар ҳақидаги бандда бундай шарт келтирилмаган.
Шу боис Бобоевнинг тайинлови оддий «у жазосини 14 йил олдин ўтаб бўлган» деган жавоб билан ёпиладиган масала эмас.
Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи лавозимлари давлат фуқаролик хизмати вакансиялари портали орқали танловга қўйилади. Сариосиё тумани бўлим мудири лавозими ҳам ушбу тизимда эълон қилинган.
Шундай экан, Бобоев номзоди кўриб чиқилганда унинг судланганлик тарихи қандай баҳоланган? Коррупцияга оид жиноят ҳисобланадими?
2026 йил июнда Ўзбекистонда «коррупцияга оид жиноятлар»нинг аниқ рўйхати қонун даражасида қайта белгиланди. Унда ўзлаштириш ёки растрата ҳамда мансаб сохтакорлигининг муайян таркиблари ҳам коррупцияга оид жиноятлар қаторига киритилди.
Бобоев эса 2012 йилда амалда бўлган Жиноят кодексининг бошқа рақамланиш ва бандларидаги таҳрири бўйича ҳукм қилинган.
Шу сабаб бу ерда якуний ҳуқуқий хулосани тегишли давлат органлари бериши керак:
Бобоевнинг 2012 йилдаги суд ҳукми «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасида назарда тутилган коррупцияга оид жиноят учун судланганлик сифатида баҳоланадими ёки йўқми?
Агар баҳоланса, у қандай қилиб давлат фуқаролик хизматида раҳбарлик лавозимига тайинланган?
Агар баҳоланмаса, бунинг ҳуқуқий асоси нима?
ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИДАН ТУМАН ТАЪЛИМИ РАҲБАРЛИГИГА
Яна бир ҳолат эътиборни тортади.
Бобоев Сариосиё таълим тизимига раҳбар бўлишидан олдин вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида бухгалтерия ҳисоби ва давлат харидлари шуъбаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.
Яъни 2012 йилда молиявий ҳужжатлар, мансаб сохтакорлиги ва маблағларни ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилган шахс кейинчалик яна бухгалтерия ва давлат харидлари каби бюджет маблағлари билан бевосита боғлиқ йўналишга раҳбарлик қилган.
Энди эса у бутун бир туманнинг мактабгача ва мактаб таълими тизими бошлиғи этиб тайинланган.
Бу ҳолат тайинловни амалга оширган мансабдорлардан очиқ изоҳ талаб қилади.
Элтузар Шерзод Бобоев ва тегишли давлат идораларининг муносабатини тўлиқ эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг