Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тақдирлаш маросими юзасидан эътирозлар билдирилмоқда.

Авваламбор, йил давомида ўқувчилари республика фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ёки юқори натижаларга эришган педагоглар тақдирлашдан четда қолган.

Айни пайтда, мукофотланганлар орасида таниш-билишчилик ёки қариндошлик алоқалари асосида рўйхатга киритилган шахслар бор

Хусусан, мурожаат муаллифлари тақдирланувчилар рўйхатини шакллантиришда Сариосиё тумани таълим мониторинги бўлими раҳбари Пардаев Зайнулло иштирок этганини билдириб, унинг онаси ҳам ҳокимлик томонидан ажратилган совға билан тақдирланганига эътибор қаратмоқда. Бу педагогнинг айнан қайси натижа ва мезонлар асосида мукофотлангани номаълум.

Бу ҳолат йил давомида ўқувчиларини республика миқёсидаги фан олимпиадаларига тайёрлаб, юқори натижаларга эришган фидойи ўқитувчилар орасида шубҳа уйғотди.

Сариосиё туманида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тақдирланган педагоглар қандай мезонлар асосида танланган? Рўйхатни кимлар шакллантирган ва ҳар бир номзоднинг натижалари қандай баҳоланган?

Масъул ташкилотлардан ушбу ҳолатни ўрганиб чиқиш, тақдирланган педагогларнинг тўлиқ рўйхати ва уларни мукофотлаш учун асос бўлган натижа ҳамда мезонларни жамоатчиликка очиқлаш сўралади.