140 КИЛОМЕТРДАН КЕЛГАН РАҲБАРГА 1,4 КИЛОМЕТР ҲАМ УЗОҚМИ?
Сурхондарёнинг Сариосиё туманидаги Чош маҳалласи аҳолиси йиллар давомида таъмирланмаётган йўллардан нолиб, вилоят ҳокимига мурожаат қилди. 140 км узоқликдаги қишлоқда тез ёрдамдан тортиб, мактабгача бориш ҳам “экстремал саёҳат”га айланган.
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Чош маҳалласи фуқаролари вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовга murojaat.gov.uz орқали мурожаат йўллаб, қишлоқ йўлларининг ачинарли ҳолатидан шикоят қилди. Мурожаатда айтилишича, Чош МФЙ туман марказидан 140 километр узоқликда жойлашган бўлиб, аҳоли йиллардан буён йўл муаммоси билан яшаб келмоқда.
Фуқароларнинг ёзишича, Чош маҳалласида тахминан 1 600 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аммо уларнинг йўли шундай ҳолатга келганки, беморни туман марказига олиб бориш ҳам алоҳида “экстремал саёҳат”га айланган. Мурожаат муаллифлари айтишича, одамлар беморларни шахсий УАЗ машиналарида, мол ташиладиган шароитда олиб боришга мажбур бўлмоқда. Демократик давлатда яшаяпмиз, дейишади улар, аммо амалда маҳалла аҳолиси энг оддий йўл масаласида ҳам “сабр қилинглар” деган эски маъмурий дуо билан қолиб кетган.
Мурожаатда аҳоли туман раҳбарларига бир неча бор мурожаат қилгани, аммо ҳеч бир ташкилот Чош фуқароларининг додини жиддий инобатга олмаётгани таъкидланган. Гўёки, туман марказидан 140 километр узоқда яшовчи одамлар давлат харитасида бор, лекин амалдорларнинг иш режасида йўқдек. Чошга сайлов вақтида йўл топилади, ваъдалар учун масофа қисқаради, аммо йўл таъмирига келганда 140 километр бирданига “геосиёсий масала”га айланиб қолади.
Фуқаролар вилоят ҳокимидан амалий ёрдам сўраган. Улар “раҳбарлар қачон бизнинг фожеамизни кўради?” деган саволни очиқ қўймоқда. Чунки йўл фақат асфальт эмас. Йўл – тез ёрдамнинг етиб келиши, боланинг мактабга бориши, беморнинг шифохонага етиши, деҳқоннинг маҳсулотини бозорга олиб чиқиши, одамнинг давлатга ишончидир.
Чошликлар мурожаатида “агар раҳбарларнинг ота-онаси, ака-укалари ёки қариндошлари шу ерда яшаганда, ҳолатга шундай қаралармиди?” деган маънодаги оғриқли савол ҳам бор.
Энди сўз Сурхондарё вилояти ҳокимлигида. Агар мурожаат қоғозда қолмаса, Чош МФЙ аҳолиси камида одамдек йўлдан юриш имконига эга бўлади. Агар яна “ўрганилади”, “назоратга олинади”, “имкониятдан келиб чиқиб кўриб чиқилади” деган расмий иборалар билан чекланилса, Чош йўллари яна чанг, лой ва ваъдалар ичида қолади.
Ҳозирча эса Чош аҳолиси бир нарсани сўраяпти: 140 километр узоқликда яшасак ҳам, биз ҳам шу давлат фуқаросимиз. Йўлимизни ҳам бир кун раҳбарларнинг хизмат машинаси эмас, оддий одамнинг қадами учун ҳам яроқли қилиб беринглар.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг