Сурхондарё вилояти ҳокимига фуқаролар томонидан Сариосиё туманидаги 83-мактабни таъмирлаш масаласи юзасидан мурожаат қилинганидан сўнг, мазкур масалани ҳал этиш жараёнида мактаб директорларига қўшимча вазифалар юклатилгани ҳақида маълумотлар тарқалди.

Мурожаат муаллифларининг иддао қилишича, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатов Сариосиё туманидаги мактаб директорларига 83-мактаб таъмирининг айрим қисмларини ўз ҳисобларидан амалга ошириш вазифасини юклаган.

Таъкидланишича, сўнгги бир ҳафта давомида директорлар ўртасида ҳудудлар тақсимланиб, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Фуқаролар ушбу ҳолат юзасидан бир қатор саволларни ўртага ташламоқда. Хусусан, улар мактаб таъмири учун буджет маблағлари ёки бошқа қонуний манбалар мавжуд бўлган бир пайтда, таълим муассасалари раҳбарларининг шахсий маблағлари ҳисобидан ишлар амалга оширилаётгани ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилишини сўрамоқда.

Мурожаат муаллифлари давлат томонидан ўқитувчи ва таълим тизими ходимларининг нуфузини оширишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилаётган бир даврда, агар ушбу маълумотлар тасдиқланса, бундай амалиётнинг қонунийлиги ва мақсадга мувофиқлигига масъул идоралар томонидан изоҳ берилиши лозимлигини таъкидламоқда.

Мазкур ҳолат бўйича Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг расмий муносабати ҳозирча маълум эмас.