ҲАММА БИРДЕК ОЛГАН ДАРОМАДИДАН СОЛИҚ ТЎЛАШИ КЕРАК
Конституцияга кўра, ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро қонун билан белгиланган солиқ ва йиғимларни тўлаши шарт. Муаллиф санъаткорларга имтиёз сўралишини, уларнинг даромадлари ва оддий халқ билан тенг солиқ тўлаш масаласини танқидий ёритади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига мувофиқ фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт.
Яширин иқтисодиётга курашиш доирасида санъаткорлардан ҳар бир “хизмат”и учун солиқ ундириш амалиётини қўллаш лойиҳаси эълон қилиндию, санъаткорлар билан оддий халқ ўртасида жарлик пайдо бўлди. Кўплаб муҳокамалар бўлмоқда.
Санъат вакиллари ўзини элита деб ўйлаб бошлаган экан. Йўқ сизлар элита эмассизлар. Сиз бору-йўғи хизматчисиз. Хонандани элита қилган халқнинг косаси оқарадими?
Нормал дунёда халқнинг элитаси илм ва қалам аҳли ҳисобланади. Амалдор, тадбиркор, санъаткор эмас, илм ва қалам аҳли.
Маданият вазири лавозимига лойиқ кўрилган, хонанда Озодбек Назарбеков тийиқсиз ўзбек давлат хизматчисининг типик намоёндасидир. Уялмасдан санъаткорларга даромад солиғидан имтиёз сўрабди.
Даромад солиғидан имтиёз рўзғорига етказа олмаётганларга берилмайдими? Даромад солиғидан имтиёз бериладиган бўлса, энг кам даромад оладиган ободонлаштириш ходими, борингки, ўқитувчига берилиши керак, асло ҳирсдан тўқ санъаткорларга эмас.
Вазир-хонанданинг тўйларда пул териб юрганлигига ҳеч кимнинг иши йўқ. Буларга ҳаммаси мумкин. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар деган конституциявий нормага тупуриб қўйган жойи бор.
Санъаткорларга даромад солиғидан имтиёз сўраётган, лоббист Маданият вазирлигини тугатиш керак ёки Маданият вазирлиги ўзини сақлаб туриши учун зарур бўлган бюджет пулини ўз тизимидан солиқ териб топсин.
Айрим санъаткорман деганлари солиқ тўлаймиз, лекин, давлат “хизмат”ига чақирмасин деган сафсатани айтибди.
Айтингчи, давлат “хизмат”ига бормасангиз унвонлар ва мукофотлардан ҳам воз кечасизми? Академикликка квота бор, халқ артистига квота йўқ. Ҳурматингизни билинг. Халқ артистиман дегани ойига бир миллиарддан кам топмайди. Айтингчи, 1 млрд. сўмдан қанча солиқ тўланиши керак?
Тўйни ўтказишда санъаткордан ташқари видеотасвирчи, видеомонтажчи, премиум классдаги автомобиль ҳайдовчиси, дизайнер-безакчи кабилар ҳам қатнашади. Уларнинг ҳам фаолиятини яширин иқтисодиётдан чиқариш вақти келди.
Учталаб хотин олаётган домлаларни ҳам худди шу тамойил асосида солиққа тортиш керак. Хатми Қуръон ёки никоҳ ўқиш нархини юзлаб доллар нархлаб олганларнинг давлатга нафи тегиши керак, ахир.
Оддий скутерчидан солиқ ундириш пайида бўлган ўзбек қонунчилигида буларга келганда солиқ ундириш механизмлари ишламайди.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг