САНЪАТКОРЛАР МАОШИ 2 БАРОБАР ОШАДИ, ДАВЛАТ ИЖОДИЙ ЛОЙИҲАЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРАДИ
Президент Мирзиёев маданият ва санъат ходимлари билан учрашувда санъаткорлар маошини 2 баробар ошириш, ижодий лойиҳаларни давлат ҳисобидан молиялаштириш, хусусий театрлар ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чораларни эълон қилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувида ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва соҳада хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти, қонун устуворлиги ва хавфсизлиги билан бир қаторда адабиёт ва маданиятга эътибор ҳам жамият келажагини мустаҳкамлайди. “Қайси жамият ижод ва санъатни қадрласа, ўша халқнинг маънавий иммунитети кучли бўлади”, деган фикр учрашувнинг асосий ғояларидан бири бўлди.
Учрашувда ёш авлодни санъатга жалб этиш мақсадида ҳар йили театр, чолғу, хор ва рақс йўналишларида умумтаълим мактаблари ўртасида туман, вилоят ва республика босқичларида танловлар ўтказилиши маълум қилинди. Ушбу танловлар учун саҳна декорациялари, либослар ва мусиқа асбобларини харид қилишга 500 миллион сўмдан грант ажратилади. Республика босқичи ғолиблари эса маданият ва санъат олийгоҳларига ўқишга қабул қилинади.
Хусусий театрлар ва театр-студияларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам янги имкониятлар яратилади. 1 сентябрдан бошлаб улар учун ҳар йили 50 та саҳна асарини яратиш харажати давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, давлат маданият объектлари бепул фойдаланиш учун ажратилади. Хусусий бино ижарага олинган тақдирда, ойига 20 миллион сўмгача харажат бюджет ҳисобидан қопланади.
Кино соҳасида ҳам имтиёз ва рағбатлар белгиланмоқда. Хорижий компанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида кино маҳсулот яратиш билан боғлиқ фаолияти солиқлардан озод қилинади. Давлат буюртмаси асосида суратга олинган фильмлар намойишидан тушган маблағнинг 50 фоизи продюсер ва ижодий гуруҳга қўшимча рағбат сифатида берилади.
Ашула ва рақс ансамбллари ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 сентябрдан бошлаб уларнинг иш ҳақи 2 баробар оширилади. Рақс усталари учун пенсияга чиқишда талаб этиладиган рақс стажи 20 йилдан 15 йилга қисқартирилади. Қолган 5 йилни балетмейстер, репетитор ёки педагог сифатида давом эттиришга рухсат берилади.
Адабиёт ва китоб нашри соҳасида ҳам янгиликлар бор. Бундан буён Ёзувчилар уюшмаси тавсияси асосида чоп этиладиган китобларнинг қоғоз билан боғлиқ харажатлари давлат томонидан қопланади. Ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш мақсадида шеърият ва санъатни уйғунлаштирган шеърий концертлар ташкил этиш ташаббуслари ҳам рағбатлантирилади. Бу йўналишда тақдим этиладиган энг сара 100 та лойиҳа давлат ҳисобидан молиялаштирилади.
Шунингдек, соҳада истеъдодларни юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғу, тасвирий ва амалий санъат каби 21 та йўналиш бўйича ижодий бирлашмалар ташкил этилади.
Учрашувда билдирилган ташаббуслар маданият ва санъат соҳаси ходимлари учун моддий ва ижодий шароитларни яхшилаш, ёшларни санъатга кенг жалб қилиш ҳамда миллий маданиятни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг