ЧЎКИБ БОРАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ САНЪАТ ВА МАДАНИЯТ ИНСТИТУТИ
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида «ўликжон» штатлар, тендерсиз йирик харидлар, омборга кирим қилинмаган техника ва молиявий маблағлар сарфига оид саволлар кўтарилмоқда. Институтдаги кадрлар сиёсатидан ҳам норозиликлар бор.
Аввалроқ Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида мавжуд ноқонуний, яъни “ўликжон” штатлар ҳақида мурожаат эълон қилинган эди. Унда келтирилган ҳолатлар текширув жараёнида ўз тасдиғини топганига қарамай, манбага кўра, масала юзасидан жиддий чора кўрилмаган ва у “бости-бости” қилинган.
Орадан кўп вақт ўтмасдан, яна бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилгани айтилади. Хусусан, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига кўра бюджет ташкилотлари товар ва хизматларни тендер асосида харид қилиши шарт бўлса-да, институт раҳбарияти томонидан тахминан 1 миллиард сўмлик ёнғин хавфсизлиги сигнализацияси тўғридан-тўғри шартнома орқали сотиб олингани маълум қилинмоқда.
Шунингдек, талабалар ва ходимларга тақдим этиладиган совғалар учун харид қилинган маиший техника воситалари — телевизор, печ, телефон каби жиҳозлар омборга расман кирим қилинмасдан туриб тарқатилгани, айрим қисми эса ўзлаштирилгани ҳақида иддаолар бор. Манбаларга кўра, харид қилинган ва тарқатилган техникалар сони ўзаро мос келмайди.
Элтузарга йўлланган мурожаатда яна бир жиҳатга эътибор қаратилган: байрам тадбирлари даврида ходимлар учун мукофот пуллари топилмаслиги айтилса-да, раҳбарият маошлари юқори даражада сақланиб қолмоқда. Жумладан, ректорнинг ойлик иш ҳақи тахминан 100 миллион сўм, проректорларники эса 30–40 миллион сўм атрофида экани қайд этилган.
Собиқ ректор Элдор Шермонов фаолияти даврида институт ҳисоб рақамида 9 миллиард сўм маблағ жамғарилгани ва унинг сарфи юзасидан ҳисоботлар тақдим этилгани таъкидланади. Айни пайтдаги раҳбарият фаолияти бошланганидан кейин мазкур маблағларнинг қаерга ва қандай йўналтирилгани очиқланмагани айтилмоқда.
Бундан ташқари, институтда кадрлар сиёсати ҳам танқид остига олинган. Мурожаат муаллифларига кўра, сўнгги икки йил ичида қарийб 100 нафар ходим турли сабаблар билан ишдан бўшатилган. Улар орасида бухгалтер, юрист, коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари ва кадрлар бўлими бошлиғи каби мутахассислар ҳам борлиги таъкидланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан мутасадди идоралар томонидан қонуний баҳо берилиши ва тегишли чоралар кўрилиши зарурлиги қайд этилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг