Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ТТЖда шароитлар ва маънавий муҳит талабга жавоб бермайди. Ётоқхона таъмирини янгилаш зарур, вентиляция шахталари ишлаш-ишламаслиги номаълум. Лекин бино бўйлаб турли нохуш ҳидлар туриб қолади, жиҳозлар ҳам уририб қолган – институт талабалари Элтузарга шу мазмунда мурожжат қилишди

«Тўловлар оширилаётганига қарамай, яшаш шароити яхшиланмаган. Ректор ТТЖга келиб талабалар билан бироз бўш вақт ўтказгандек бўлади. Лекин бунинг бари фотоҳисобот учун томоша холос. Талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш учун ҳеч қандай иш қилинмайди» – дейди талабалар.

Айрим ҳолларда ТТЖ учун талабалардан тўловлар расмий ҳисоб рақамга эмас, шахсий карталарга ўтказилаётгани таъкидланмоқда. Шунингдек, ТТЖда тартиб-интизом, хавфсизлик ва ахлоқий муҳит билан боғлиқ муаммолар, ҳатто барча учун умумий уй бўлган ТТЖда бетартиб интим муносабатлар авж олгани ҳақида ҳам жиддий иддаолар мавжуд.

Бу масалаларга масъуллар томонидан етарли эътибор қаратилмаяпти, талабаларнинг маънавият ва ёшлар ишлари бўйича проректорга мурожаатлари натижа бермаган. Балки оммавий очиқ муҳокама бирор ўзгаришга сабаб бўлар?