Элтузарга келиб тушган мурожаатда Самарқанд вилояти прокурори Муродқосим Эшназаров фаолияти билан боғлиқ бир қатор жиддий иддаолар илгари сурилди. Мурожаат муаллифлари вилоят прокуратурасида хизмат ваколатларидан шахсий мақсадларда фойдаланиш, бюджет маблағларини мақсадсиз сарфлаш, ходимлар ва ташкилотларга мажбурий топшириқлар бериш, шунингдек прокурор назорат ҳужжатларини сохталаштириш ҳолатлари бўлганини даъво қилмоқда.

Мурожаатда қайд этилишича, Муродқосим Эшназаров 2023 йил август ойида Самарқанд вилояти прокурори этиб тайинланган. Муаллифлар унинг дастлабки фаолияти қонунбузилишларга қарши кураш билан бошланганини, бироқ кейинчалик вилоятдаги бошқармалар, тижорат банклари ва тадбиркорлик субъектларига ноқонуний топшириқлар берилганини иддао қилмоқда.

Хусусан, мурожаатда Қўшработ, Иштихон, Пайариқ туманлари ва Каттақўрғон шаҳридаги айрим маҳаллаларда қурилиш-таъмирлаш ишлари “ихтиёрий ҳомийлик” сифатида юқори идораларга тақдим этилгани, аммо амалда банклар, бошқармалар ва тадбиркорлар бундай ишларга мажбурлангани айтилган. Даъволарга кўра, айрим банк ходимлари ўз номига ёки бошқалар номига кредит олишга мажбур бўлган ва бу уларни қарздорликка олиб келган.

Мурожаатда яна бир оғир иддао – вилоят прокуратурасида ходимларга ажратилиши керак бўлган маблағлардан 1 миллиард сўмдан ортиқ қисми вилоят прокурорининг шахсий кабинетини таъмирлашга сарфлангани ҳақида. Муаллифлар биргина мебеллар учун 300 миллион сўмдан ортиқ маблағ ишлатилганини таъкидлаган.

Экология масаласида ҳам иддаолар бор. Мурожаатда Самарқанд вилояти прокуратураси ҳовлисидаги юзлаб манзарали ва қимматбаҳо дарахтлар рухсатсиз кесилгани ёки нобуд қилингани айтилган. Муаллифлар бу ҳолатни Google хариталаридаги 2025 ва 2026 йиллардаги тасвирларни солиштириш орқали текшириш мумкинлигини билдирган.

Таълим соҳасига оид иддаолар ҳам келтирилган. Мурожаатда Муродқосим Эшназаров 2024–2025 ўқув йилида Самарқанд давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетида дарс ўтиши белгилангани, бироқ бир йил давомида дарсга бормаган ҳолда иш ҳақи олгани даъво қилинган. Муаллифлар прокуратура ходимлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари мактабларда “коррупцияга қарши кураш” мавзусида дарс ўтишга мажбурий бириктирилганини ҳам танқид қилган.

Мурожаатда прокуратура депозит ҳисобварақларига келиб тушган маблағлар жабрланувчиларга ўз вақтида қайтарилмагани ҳам айтилган. Даъволарга кўра, 2025 йилда жиноятлар оқибатида етказилган 100 миллиард сўмдан ортиқ зарар бўйича суд ҳукмлари қонуний кучга кирган бўлса-да, маблағлар жабрланувчиларга белгиланган муддатларда қайтарилмаган.

Шунингдек, мурожаатда давлат харидлари, кадрлар соҳасидаги қўнимсизлик, концерт дастурлари учун прокуратура ходимлари орқали мажбурий билет соттириш, хизмат автомашинаси ва ҳайдовчилардан шахсий мақсадларда фойдаланиш каби ҳолатлар ҳам тилга олинган.

Мурожаат муаллифлари Муродқосим Эшназаров ҳаракатларида Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари борлигини даъво қилмоқда. Улар Бош прокуратура томонидан ўтказилган ўрганишларда вилоят прокуратурасидаги ҳақиқий ҳолатлар тўлиқ акс этмаганини, айрим прокурор назорат ҳужжатлари эса сохталаштирилган бўлиши мумкинлигини билдирган.

Мурожаат якунида Самарқанд вилояти прокуратураси фаолиятини прокуратура тизимига алоқадор бўлмаган мустақил ишчи гуруҳ, жумладан Ҳисоб палатаси иштирокида текшириш зарурлиги таъкидланган.

Элтузар ушбу иддаолар юзасидан Бош прокуратура, Самарқанд вилояти прокуратураси ҳамда мурожаатда номи тилга олинган масъул шахсларнинг муносабатини эълон қилишга тайёр.