Самарқанд вилоятида 103 – тез тиббий ёрдам хизматида ҳайдовчи бўлиб ишловчи ходим Элтузарга мурожаат қилиб, тез ёрдам ҳайдовчиларининг маоши камлиги, иш стажи учун қўшимча тўлов йўқлиги ва рағбатлантириш тизими амалда сезилмаслигидан шикоят қилди.

Мурожаатчининг айтишича, тез тиббий ёрдам ҳайдовчилари оғир ва юқори масъулият талаб қиладиган шароитда ишласа-да, уларга тўланадиган маош меҳнат ҳажмига мос эмас.

«Бизга бериладиган маош қаноатлантирмайди. Бизда выслуга умуман тўланмайди. Ташкилотда бир йил ишлаган одам ҳам, 30 йил ишлаган одам ҳам бир хил маош олади», – дейилади мурожаатда.

Ҳайдовчи, шунингдек, байрам муносабати билан қўшимча пул ёки бошқа рағбатлантириш тўловлари берилмаслигини ҳам таъкидлаган.

Унинг фикрича, бу муаммо фақат Самарқанд вилоятига эмас, республика бўйича 103 хизматида ишлайдиган кўплаб ҳайдовчиларга дахлдор бўлиши мумкин.

«Сизлардан илтимос, республика бўйича 103 ҳайдовчиларининг муаммоси ечилишига ёрдам берсангизлар, миннатдор бўлардик», – дейди мурожаат муаллифи.

Тез тиббий ёрдам ҳайдовчилари куну тун навбатчиликда ишлайди, беморларни шифохонага етказишда тезлик билан бирга йўл ҳаракати хавфсизлиги учун ҳам масъул ҳисобланади. Шу боис мурожаат муаллифи узоқ йиллик меҳнат стажини инобатга оладиган қўшимча тўловлар, муносиб иш ҳақи ва рағбатлантириш механизмлари бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

Элтузар Республика тез тиббий ёрдам маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Самарқанд вилоятидаги масъул ташкилотлардан мазкур мурожаат юзасидан муносабат кутади.

Хусусан, 103 ҳайдовчиларига меҳнат стажи учун устама тўланадими, байрам ва рағбатлантириш пуллари қандай тартибда белгиланади ҳамда ҳайдовчилар маошини ошириш масаласи кўриб чиқиляптими, деган саволларга расмий жавоб бериш мақсадга мувофиқ бўлар эди.