Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида 17 ёшли йигит операция вақтида берилган наркоздан кейин вафот этгани ҳақида унинг яқинлари Eltuzar таҳририятига мурожаат қилди.

Мурожаатда айтилишича, 2008 йилда туғилган Шерзод Нормаматов 21 июль куни онаси ва тоғаси билан Тойлоқ туманидаги Чароғбон МФЙ ҳудудида жойлашган туман тиббиёт бирлашмасига оғриқ шикояти билан мурожаат қилган. Шифокорлар текширувдан сўнг унга мояк соҳасидаги варикосел ташхисини қўйиб, операция ўтказиш зарурлигини билдирган.

Марҳумнинг яқинлари сўзларига кўра, операция ҳақида эшитган бемор ва унинг онаси хавотирга тушган. Шунда тиббиёт ходимлари жарроҳлик амалиёти оддий экани, тахминан 15 дақиқа давом этиши ва бемор шу кунининг ўзида уйига жавоб берилишини айтган.

Бироқ операция кутилмаган фожиа билан якунланган. Яқинларининг таъкидлашича, операция вақтида беморга наркоз берилган ва шундан кейин унинг аҳволи оғирлашиб, ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Марҳумнинг тоғаси Eltuzar мухбирининг саволларига жавоб берар экан, қуйидагиларни маълум қилди:

 «Докторлар операция вақтида шундай ҳолат юз берганини айтди. Жиянимга наркоз берилган, аммо унда дорига аллергик реакция бор-йўқлиги текширилмаган, деб ҳисоблаймиз. Кейин унинг жасадини бизга айтмасдан моргга юборишган. Кейинчалик уни олиб, суд-тиббий экспертизага топширдик», — деди у.

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Самарқанд филиали берган дастлабки хулосага кўра, ўлимга дори воситалари ва медикаментларга аниқланмаган патологик реакция сабаб бўлган.

Маълум қилинишича, ушбу ҳолат юзасидан Тойлоқ туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва воқеанинг барча ҳолатларига ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.