Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси ўринбосари Мадамин Сафаров лавозимидан кетди. У 2020 йилдан бери МТРК раиси ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган, бундан аввал “Тошкент”, “Ёшлар” ва “Ўзбекистон 24” телеканалларига раҳбарлик қилган.

Элтузар МТРКдаги вазият, молиявий шаффофлик, гонорарлар ва Сафаров фаолиятига оид даъволар ҳақида аввал ҳам ёзган. Сафаровнинг кетиш сабаби расман очиқлангани йўқ ва унга нисбатан янграган коррупция иддаоларини тасдиқлайдиган суд қарори ҳам очиқ манбаларда маълум эмас. Шунинг учун унинг истеъфосини айнан шу даъволар билан боғлаш учун ҳозирча етарли асос йўқ.

Аммо Мадамин Сафаровнинг кетиши бошқа, анча каттароқ саволни ўртага чиқаради:

Ўзбекистонга ҳали ҳам шунча давлат телеканали керакми?

Ёки қарийб йигирма йил аввал бошланган, аммо охирига етказилмаган ислоҳотга қайтиш вақти келдими?

ДАВЛАТ ТЕЛЕВИДЕНИЕСИНИ ЎЗГАРТИРИШ РЕЖАСИ ЯНГИ ЭМАС

Аслида Ўзбекистон телевидениесини давлат назоратидан босқичма-босқич чиқариш ғояси бугун пайдо бўлган эмас.

2005 йил 8 ноябрда қабул қилинган президент фармонида телерадио соҳасини ислоҳ қилиш, телерадиоканалларнинг иқтисодий мустақиллигини кучайтириш ва нодавлат телерадиоэшиттиришни ривожлантириш вазифалари белгиланган эди.

Энг қизиқ тажриба “Ёшлар” телеканали билан боғлиқ бўлган.

Ўша пайтда “Ёшлар” телерадиоканалини ёпиқ акциядорлик жамиятига айлантириш, унинг 51 фоиз акциясини давлатда қолдириб, 49 фоизини Ўзбекистон резиденти бўлган юридик шахсларга эркин сотиш режалаштирилган эди. Шу билан бирга, каналнинг бюджетдан молиялаштирилишини ҳар йили 20 фоиздан қисқартириб, 2010 йилга бориб уни тўлиқ ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш кўзда тутилган.

Яъни бундан йигирма йил аввалёқ давлат телеканалининг иқтисодий жиҳатдан давлатга қарамлигини камайтиришга уриниш бўлган.

Кейинчалик бу модель дастлаб режалаштирилган шаклда амалга ошмади. 2005 йил декабрда қабул қилинган кейинги қарорда “Ёшлар” акцияларининг 50 фоизи давлатга, қолган 50 фоизи эса ёшлар ташкилотига тегишли бўлиши белгиланди. (Buxgalter⁠ )

Аммо ўша даврда қўйилган асосий савол ҳануз долзарб:

телевидение ҳукуматники бўлиши керакми ёки жамоатники?

ДАВЛАТ ТЕЛЕВИДЕНИЕСИ ВА ЖАМОАТЧИЛИК ТЕЛЕВИДЕНИЕСИ — БИР НАРСА ЭМАС

Жамоатчилик телевидениеси хусусий телевидение ҳам, ҳукумат телевидениеси ҳам эмас.

Унинг вазифаси ҳукуматнинг кундалик ахборот сиёсатини тарғиб қилиш эмас, балки жамиятнинг турли қатламларига хизмат қилишдир.

Бундай моделда давлат молиялаштиришда иштирок этиши мумкин. Аммо таҳририятнинг кундалик фаолияти ҳукумат амалдорларининг бевосита кўрсатмаларига боғлиқ бўлмаслиги керак.

Бошқарув эса бир вазирлик ёки президент администрациясига эмас, турли ижтимоий гуруҳлар иштирок этадиган мустақил кузатув органига ҳисобдор бўлиши мумкин.

Энг муҳими — журналист кимни танқид қилиш мумкин ёки мумкин эмаслигини юқоридан келадиган сигналга қараб белгиламаслиги керак.

Бу ерда гап фақат мулкчилик шаклини ўзгартириш ҳақида эмас.

Давлат телеканалини “акциядорлик жамияти” деб қайта номлашнинг ўзи уни жамоатчилик телевидениесига айлантирмайди.

Масала — ким раҳбар тайинлашида, пул қаердан келиши ва уни ким назорат қилишида, таҳририят сиёсатини ким белгилашида ва журналистнинг ҳокимиятдан қанчалик мустақил ишлай олишида.

ҚЎШНИЛАР ТАЖРИБАСИ

Марказий Осиёда жамоатчилик телевидениеси бўйича энг жиддий тажриба Қирғизистонда ўтказилди. Мамлакатда давлат телерадиоси бир муддат Жамоат телерадиокорпорацияси моделида фаолият юритди.

Бироқ бу тажриба ортга ҳам қайтди. 2022 йилда Қирғизистонда аввалги жамоатчилик телерадиокорпорацияси давлат муассасаси мақомидаги Миллий телерадиокорпорацияга айлантирилди. Бош директорни президент тайинлайди ва мустақил кузатув кенгаши аввалги шаклда мавжуд эмас.

Демак, қўшни давлат тажрибаси ҳам бир муҳим сабоқни кўрсатади: телеканални бир марта “жамоатчилик телевидениеси” деб аташ кифоя эмас. Унинг мустақиллигини таъминлайдиган ҳуқуқий ва молиявий механизмлар бўлмаса, тизим яна давлат назоратига қайтиши мумкин.

МТРКНИНГ МУАММОСИ ФАҚАТ САФАРОВ ЭМАС

Мадамин Сафаров кетди. Эртага унинг ўрнига бошқа одам келади.

Аммо раҳбар фамилияси ўзгариши билан Ўзбекистон давлат телевидениесининг асосий муаммолари ҳал бўладими?

Агар бошқарув модели, молиялаштириш, таҳририй мустақиллик ва раҳбарларни тайинлаш тизими ўзгармаса, битта амалдорнинг кетиши катта фарқ қилмаслиги мумкин.

Шунинг учун Сафаров истеъфоси шахслар ҳақидаги баҳсдан тизим ҳақидаги баҳсга ўтиш учун бир имконият бўлиши мумкин.

Масалан, “Ўзбекистон 24” давлатнинг расмий ахборот канали сифатида қолиши, бошқа айрим каналлар эса босқичма-босқич мустақил жамоатчилик телерадиоси моделига ўтказилиши мумкинми?

МТРК таркибидаги кўплаб каналларни битта улкан давлат бюрократияси остида сақлаш шартми?

Уларнинг бир қисмини мустақил бошқарувга бериш, бюджет маблағларини очиқ танлов ва жамоатчилик назорати асосида ажратиш мумкинми?

Жамоатчилик телевидениеси раҳбарини ҳукумат эмас, журналистлар, фуқаролик жамияти, маданият, таълим ва бошқа соҳалар вакилларидан ташкил топган мустақил кенгаш сайлаши мумкинми?

Буларнинг барчаси муҳокама қилиниши мумкин бўлган моделлар. Лекин уларнинг ҳар бири сиёсий ирода ва аниқ ҳуқуқий кафолатларни талаб қилади.

49 ФОИЗЛИК РЕЖАДАН 20 ЙИЛ ЎТДИ

2005 йилда Ўзбекистон ҳукумати “Ёшлар” телеканалининг 49 фоиз акциясини давлат тасарруфидан чиқариш ва канални босқичма-босқич бюджет қарамлигидан халос қилишга уринган эди.

Орадан йигирма йилдан кўпроқ вақт ўтди.

Бу вақт ичида телевизион бозор бутунлай ўзгарди. YouTube, Telegram, ижтимоий тармоқлар ва хусусий телеканаллар давлат телевидениесининг ахборот тарқатишдаги монополиясини йўқ қилди.

Аммо давлат телевидениесини бошқариш моделидаги асосий савол очиқлигича қолмоқда.

Мадамин Сафаровнинг кетиши МТРКдаги навбатдаги кадр алмашинуви бўлиб қолиши мумкин.

Лекин бу воқеа анча муҳимроқ баҳс учун баҳона ҳам бўла олади:

Ўзбекистонда давлатга қарашли телеканаллар сонини қисқартириш, уларнинг бир қисмини ҳақиқий жамоатчилик телевидениесига айлантириш ва МТРКнинг ўзида бошқарув ҳамда молиялаштириш тизимини қайта кўриб чиқиш вақти келмадими?

Чунки масала Сафаровнинг ўрнига ким ўтиришида эмас.

Масала — ўша креслода ўтирган одам кимга ҳисобдор бўлишида: давлатга ёки жамоатчиликка.