Шу йилнинг 5-7 июнь кунлари Тошкентда ўтган пиво фестивали ташкилотчилари жазоланди. Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов хабар тарқатди.

Ташановнинг ёзишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Русланбек Давлетовга Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 312-моддасига кўра, ҳайфсан интизомий чораси қўлланилган.

Русланбек Давлетов раҳбарлик қиладиган хизматнинг бош инспектори Суҳроб Юсупов Президент Администрацияси раҳбарининг фармойиши билан лавозимидан озод қилинган.

Шу йилнинг 5-7 июнь кунлари Тошкентнинг Тарас Шевченко кўчасида ўтказилган BeerFest 2026 ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Пиводан сармаст ўсмир йигит-қизларнинг узала тушиб ётгани ва оғзидан кўпик сачраган оломон акс этган видеолар остидаги изоҳларда аксарият кўпчилик тадбир ташкилотчиларини танқид қилди.

Консерватив қатлам тадбирни миллий ва диний қадриятларга ёт, дея қоралаган бўлса, либерал қарашдаги фаоллар буни жамоат тартиби ва ёшларнинг тарбиясига таҳдид экани ҳақида ёзишди.


ДАВЛЕТОВДАН “МАСТЕР -КЛАСС”

Абдураҳмон Ташановнинг хабари асносида ушбу баҳсли тадбир ортида собиқ адлия вазири, президентнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Русланбек Давлетов тургани ўртага чиқмоқда.

Муқаддам Хоразмдаги етимхонада вояга етмаган қизларнинг адлия мулозимлари томонидан зўрланиши можаросида номи тилга олинган Давлетов ўзини дунёвийлик тамойилларининг қаттиққўл ҳимоячиси сифатида тақдим этиб келади.

Аммо Британияда таҳсил олган Давлетовнинг дунёвийлик ҳақидаги тушунчаси, афтидан, пиво фестивалини тарғиб ҳамда диний блогерларни таъқиб қилиш билан чегараланган.

Ўтган йил ёзида Озодлик радиоси таниқли диний фаол Мубашшир Аҳмаднинг қамоққа олиниши фонида “Ўзбекистондаги сиёсий ва диний вазиятга таъсир кўрсатаётган қудратлиучлик” ҳақида ёзган эди.

Булар – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари, ДХХдан чиққан Дилшод Эшнаев, президент масаҳатчиси Русланбек Давлетов ҳамда унинг ўринбосари, ДХХнинг собиқ раиси, генерал Абдусалом Азизов.

Президент улардан бири – Эшнаевни ўтган йил июнида ишдан бўшатган, Давлетов эса, Саида Мирзиёева Президент Администрацияга раҳбар этиб тайинланиши ортидан олдинги таъсирини йўқотган, 2024 йил октябрида Комил Алламжоновга суиқасд ортидан ишдан олинган генерал Азизов эса, Элтузар манбаларига кўра, ҳозирда “тирик мурда” мақомида.

2023-2024 йилларда аҳоли орасида норозилик уйғотган пойтахт Тошкентдаги диндорларга қарши рейдлар ва диний рамзларга қарши курашлар ортида ҳам шу учлик тургани айтилганди.

Манбалар Мубашшир Аҳмаднинг Туркияда ушланиб, Ўзбекистонга келтирилиши ва қамоққа ташланишида ҳам Давлетов жонбозлик кўрсатганини айтишган.

Ўзбекистон ҳукуматидаги мулозимлардан бири “эътиқодли атеист” деб таърифлаган Русланбек Давлетовнинг диний сиёсатдаги ёндашуви дунёвий ва диний бағрикенгликни илгари суришдан кўра кўпроқ “секюлар экстремизм”ни эслатади.

Ўзбекистонлик жамоат фаоллари 2024 йил қишида метан заправкадаги навбатларга йиртиқ кроссовкаси билан норозилик билдирган Ғайрат Дўсов иши ҳам бошдан-охир Давлетов ташаббуси ва назорати остида уйдирилганини айтишган.

Президент Шавкат Мирзиёев бошқарувининг илк йилларида прогрессив вазирлардан бири сифатида билинган Давлетов номи сўнгги йилларда реакцион, ҳатто каримовчилар учун қасос олишга уринаётган реваншист бир типга айланди.

Давлетов 2018 йилда ўша пайтдаги ДХХ раҳбари Ихтиёр Абдуллаевни “устозим”, “давлат манфаати учун кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлайдиган раҳбар” деган таърифи билан кўпчиликнинг ёдида қолган.

Элтузар манбалари Давлетов Президент Администрациясида ишлаган охирги уч йилда, асосан ДХХ нинг кун тартибини илгари суриш билан шуғуллангани, мухолифат, жамоат фаоллари ҳамда блогерларга қарши репрессияларнинг адвокатига
айланганини айтишади.

Аммо афтидан, ДХХдаги тозалашлар ортидан “куч ресурсидан” мосуво бўлган Администрациядаги эски гвардиячиларга бу каби адвокатлик қилиш тобора қийинлашиб бормоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев маъмуриятида “ҳайфсан олган” биринчи давлат маслаҳатчиси – Русланбек Давлетов учун бу жиддий сигнал.