Россиянинг Сбербанк банки раисининг собиқ биринчи ўринбосари Максим Полетаев ва у асос солган Solfy RUS компанияси Ўзбекистонга қарши 100 миллион доллардан ортиқ компенсация талаб қилиб, халқаро арбитражга мурожаат қилди.

«Фергана» нашрининг хабар беришича, иш Жаҳон банки тизимидаги Инвестиция низоларини ҳал қилиш халқаро марказида (ICSID) 23 сентябрь куни рўйхатдан ўтказилган. Низо Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим асосида кўриб чиқилади.

Solfy Ўзбекистон бозорига 2020 йилда Миллий банк билан ҳамкорликда кирган. Компания фоизсиз бўлиб тўлаш карталари учун технологик платформа тақдим этган, Миллий банк эса молиялаштиришни ўз зиммасига олган. Томонлар бир миллиондан ортиқ карта чиқаришни режалаштирган эди.

Кейинчалик ҳамкорлар ўртасида жиддий низо келиб чиққан. Ўзбекистон судлари Solfyдан Миллий банк фойдасига жами 21,32 миллиард сўм — қарийб 1,8 миллион доллар ундириш ҳақида қарор чиқарган. Solfy CA бош директори Ўктам Ҳасановга нисбатан эса жиноят иши очилиб, у 2026 йил март ойида ҳибсга олинган.

Solfy томони давлатга алоқадор шахслар компания бизнесининг 70 фоизини товонсиз беришни талаб қилгани, рад жавобидан сўнг эса компанияга қарши суд, солиқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар механизмлари ишга солинганини даъво қилмоқда. Бу — даъвогар томоннинг позицияси бўлиб, ҳозирча халқаро арбитражда исботланган факт эмас.

Ўзбекистон Миллий банки эса бу айбловларни асоссиз деб атаган. Банк музокаралар ва ҳуқуқий жараёнлар давом этаётгани сабабли уларни батафсил шарҳлашни мақбул эмас деб ҳисоблашини билдирган.

Энди низо маҳаллий судлар доирасидан чиқиб, халқаро инвестиция можаросига айланди. 100 миллион доллардан ортиқ даъво Ўзбекистон учун нафақат молиявий, балки мамлакатнинг хорижий инвесторлар олдидаги ҳуқуқий кафолатлари нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли иш бўлиши мумкин.