Россия президенти Владимир Путин криптовалюталар муомаласини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи қонунни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, криптовалюталар билан операцияларни лицензияланган криптобиржалар орқали амалга оширишга рухсат берилади. Бироқ криптоактивлар кундалик тўлов воситаси эмас, фақат инвестиция воситаси сифатида тан олинади. Шунинг учун Россия ҳудудида товар ва хизматлар учун криптовалюта билан ҳисоб-китоб қилиш тақиқланади.

Қонунга кўра, криптовалютага сармоя киритишни истаган жисмоний шахслар махсус тест синовидан ўтиши шарт. Тестдан ўтмаган фуқаролар криптоактивлар сотиб ола олмайди. Шунингдек, криптовалюта харид қилиш учун йиллик лимит ҳам жорий этилади. Криптовалюталарни сотишдан олинган даромадга 13 фоиздан бошланувчи солиқ ставкаси қўлланилади.

Янги қонун криптовалюталарни хорижга чиқаришни, шунингдек, рубль ва банк карталари иштирокида амалга ошириладиган P2P (фуқародан фуқарога) крипто ўтказмаларини ҳам тақиқлайди.

Хуллас, тизза бўйи тақиқ. Бироқ Россия ҳукумати ушбу чоралар криптовалюта бозорини шаффофлаштириш, инвесторларни ҳимоя қилиш ва ноқонуний молиявий операцияларнинг олдини олишга хизмат қилишини таъкидламоқда.